Трампнинг юзини Рашмор тоғига абадийлаштириш таклиф этилди

Олам

image

АҚШнинг Флорида штатидан республикачилар вакили Анна Паулина Луна Президент Дональд Трамп юзини Рашмор тоғига қўшиш бўйича қонун лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда “The Hill” нашри хабар берди.

У ҳатто ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ҳам бу борада пост қолдирди.

“Унинг мамлакатимиз учун қилган буюк ишлари ва келажакдаги муваффақиятлари бу тарихий ёдгорликдаги энг юксак эътирофга лойиқ. Қўлга болға олайлик”, деб ёзади Луна X ижтимоий тармоғида.

Агар Конгресс ушбу қонунни маъқулласа, Трамп юзини тошга ўйиб тушириш вазифаси Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклатилади.

“Рашмор тоғи – миллатимиз эркинлиги ва қудратининг абадий рамзи. У Трампнинг буюк меросини акс эттириши лозим. Бу мерос унинг иккинчи президентлик муддатида янада мустаҳкамланади. У абадий равишда Жорж Вашингтон, Томас Жефферсон, Авраам Линкольн ва Теодор Рузвельт каби буюк президентлар қаторидан жой олади”, деб қўшимча қилди у.

Трампнинг Рашмор тоғига қўшилиши ҳақида аввал ҳам таклифлар бўлган.

Бу ғоя илк марта илгари сурилмаяпти. “Fox News” журналистлари шу ҳафтада АҚШнинг 250 йиллиги (2026 йил) муносабати билан Трамп юзини Рашмор тоғига қўшиш таклифини билдирган.

“Агар мамлакатнинг 250 йиллигини Рашмор тоғида Президент Трамп юзи билан нишонласангиз, бу ҳақиқатдан ҳам шов-шувли бўларди”, дейди Трампнинг собиқ матбуот котиби Кейли Макинани “Fox News”даги “Outnumbered” кўрсатувида.

Трамп бу ғояга қандай муносабат билдирган?

Трамп 2019 йилда бу таклифни рад этмаган, бироқ бу борада ижобий фикр билдириш ёмон танқидларга сабаб бўлиши мумкинлигини айтган.

“Агар мен “ҳа” деб жавоб берсам, матбуот менга қаттиқ ҳужум қилади”, деган Трамп “The Hill” нашрига.

2020 йилда бу борада яна фикр билдирган.

“Бу ёдгорлик ҳеч қачон таҳқирланмайди. Бу қаҳрамонлар ҳеч қачон шармандаларча танқид қилинмайди. Уларнинг мероси ҳеч қачон йўқолмайди. Ва Рашмор тоғи абадий равишда аждодларимиз ва эркинлигимизнинг рамзи бўлиб қолади”, деган эди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти федерал ҳукумат ходимларига иш ҳақини шу йилнинг сентябрь ойи охиригача, яъни саккиз ойгача тўлаш эвазига истеъфога чиқишни таклиф қилганди. Трамп маъмурияти ходимларнинг 10 фоизи ёки 2 миллиондан ортиқ федерал ҳукумат ходимларининг 200 мингга яқини таклифни қабул қилишини кутмоқда. Трампнинг юқори мартабали амалдорлари келишув ҳукуматни 100 миллиард долларгача тежаши мумкинлигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Трамп Рашмор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг