Трампнинг рақиби ўйиндан чиқди
Олам
−
15 Апрель 2023
8399АҚШнинг собиқ давлат котиби Майк Помпео 2024 йилги сайловларда президентликка номзодини қўйиш ниятидан воз кечганини айтди. Бу ҳақда кеча, 14 апрель куни “Fox News” телеканали хабар берди.
Помпео бир неча ой давомида рафиқаси билан Республикачилар партиясидан номзод сифатида президентлик пойгасига киришиш ҳақида ўйлаётганини таъкидлаган. Бироқ улар сайловда қатнашмасликка қарор қилган.
“Мен қарор қабул қилдим. Биз 2024 йилги сайловлар пойгасига чиқмаймиз. Гарчи биз Америкадан, мен сўнгги бир ярим йил давомида гапирган масалалардан хавотирда бўлсак ҳам, ҳозир бизнинг вақтимиз эмас”, деган собиқ президент Дональд Трамп маъмуриятидаги Америка ташқи ишлар идорасининг собиқ раҳбари.
Шунингдек, Помпео Трампнинг сайловдаги иштироки унинг қарорига таъсир қилмаганини ҳам айтган. Бундан ташқари, у ким бўлишидан қатъий назар, Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзодни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШда навбатдаги президентлик сайлови 2024 йилнинг ноябрига белгиланган. Оқ уйнинг собиқ раҳбари Дональд Трамп ўз номзодини 2022 йил ноябрида эълон қилган эди. АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Хейли ҳам Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлиш учун курашаётганини маълум қилган. Шунингдек, АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннедининг жияни, ҳуқуқшунос ва сиёсатчи кичик Роберт Кеннеди 2024 йилги президентлик сайловларида демократлар партиясидан ўз номзодини кўрсатишини айтган. Амалдаги Президент Жо Байден ҳам қайта сайланишга умид қилаётганини билдирган. Республикачилардан Флорида губернатори Рон де Сантис, собиқ вице-президент Майк Пенс, Демократлардан эса вице-президент Камола Харрис, транспорт котиби Пит Буттижич, сенатор Берни Сандерслар ҳам президентлик сайловида қатнашиши мумкин.
LiveБарчаси