Трампнинг одами Мюнхенда Ермак билан учрашди

Олам

image

Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак кеча, 14 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC) доирасида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Россия ва Украина бўйича махсус вакили Кит Келлогг билан учрашди. Бу ҳақда Украина Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, учрашувнинг асосий мавзуси “барқарор тинчликка эришиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш” бўлган. Суҳбат чоғида Ермак Келлогга “Путин ҳеч қачон қоида бўйича ўйнамас”лигини айтган ва уни “ўзини алдаб қўймасликка” чақирган.

“Руслар ҳар доим Ғарбни масхара қилишган, лекин ҳар доим ундан нусха кўчиришган. Уларнинг ҳозирги “Шарққа бурилиш”лари чуқур маданий ўзгариш эмас, балки ўз мақсадларига эришиш учун тактик ҳаракатдир. Руслар фақат кучни ҳурмат қилади ва ундан фойдаланмайдиганларни менсимайди. Россия ваъда берганида эмас, мажбур бўлганда тўхтайди”, деган Ермак.

Украина Президентининг веб-сайтидаги баёнотда айтилишича, музокарачилар Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратган. 

“Россиянинг кучли мажбурловисиз ҳар қандай келишувлар ишламайди, чунки Украина устидан назорат Россия Федерациясининг империалистик амбицияларининг асосидир”, деган Ермак.

Ермак ва Келлогг, шунингдек, олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик кўриш ва унинг Украинага ташрифини муҳокама қилган.

Қайд этиш жоиз, февраль ойи бошида “Bloomberg” манбаларга таяниб, Келлогг Мюнхен хавфсизлик конференциясида Трампнинг Украинадаги урушни тугатиш режасини тақдим этиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Кейинчалик Кит Келлогг бу миш-мишларни рад этди.

MSC раҳбари Кристоф Хойсген “Украинада тинчликка эришиш учун” Мюнхендан фойдаланишга умид билдирди. Унинг қўшимча қилишича, конференцияда Украина бўйича аниқ тинчлик режаси тақдим этилмаса ҳам, унинг “контурлари ва келажак параметрлари” белгилаб берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Украина Мюнхен хавфсизлик конференцияси Андрей Ермак Кит Келлогг MSC

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг