Трампнинг одами Эрон масаласини ҳал қилиш учун Уммонга борди
Олам
−
12 Апрель 3171 1 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткоффнинг самолёти бугун, 12 апрель куни Уммонга қўнди. Бу ҳақдаги маълумотни “Flightradar24” портали тасдиқлади.
Маълум қилинишича, америкалик амалдор ўтирган Gulfstream G650ER самолёти Уммон аэропортига қўнган. Ушбу самолёт кеча, 11 апрель куни соат 22:59 да Уиткоффнинг Россия Президенти Владимир Путин билан учрашуви якунлангач, Санкт-Петербургдан учиб кетган.
Трамп вакилининг ҳозиргача ким билан учрашгани ҳақида аниқ маълумотлар тақдим этилмаган.
Маълумот учун, Стивен Уиткофф бугун, 12 апрель куни Уммонда Эрон ва АҚШ ўртасида бўлиб ўтадиган учрашувда асосий музокарачи сифатида иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, 11 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин Санкт-Петербургдаги президент кутубхонаси биносида Америка етакчисининг махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашув ўтказганди. Бу тўрт соатдан кўпроқ давом этди. Суҳбат ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди ва Москва вақти билан 22:00 атрофида якунланди. Асосий мавзу Украинадаги вазият эди. Энди эса Уиткофф Эрон масаласини ҳал қилиш учун Уммонда ҳозир бўлиб турибди, аммо ўтган кунларда АҚШда Стив Уиткоффнинг Россия ва Эрон билан бир вақтнинг ўзида музокаралар олиб бориш имкониятига шубҳа билдирилганди.
Live
Барчаси