Трампнинг куёви устидан текширув бошланмоқда

Олам 3993
image

Кеча, 2 июнь куни Америка Қўшма Штатлари Вакиллар палатасининг Назорат ва ислоҳотлар қўмитаси Саудия Арабистонининг Жаред Кушнер [АҚШ собиқ Президенти Дональд Трампнинг куёви] фирмасига киритган 2 миллиард доллар сармоясини текшириш ниятида эканини маълум қилди. 

“Қўмита жаноб Кушнернинг шахсий молиявий манфаатлари Трамп маъмурияти даврида АҚШнинг Яқин Шарқдаги ташқи сиёсатига ортиқча таъсир ўтказмаганини текшириш ниятида”, деган Нью-Йорк вакили Кэролин Б. Малони. 

Малонининг таъкидлашича, Трампнинг бутун фаолияти давомида унинг маъмурияти Саудия Арабистони манфаатларини қўллаб-қувватлаб келган. Бу Конгресс ва бутун дунё Яманда инсон ҳуқуқларининг бузилиши, шунингдек, журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши ва Саудия Арабистони ҳукуматининг репрессияларини яқиндан ўрганаётгани фонида содир бўлган. 

Назорат қўмитаси раҳбарининг эслатишича, Кушнер Оқ уйдаги раҳбарлик лавозимини тарк этгач, “A Fin Management” МЧЖ инвестиция компаниясига асос солган ва Саудия Арабистони суверен жамғармасидан 2 миллиард доллар маблағ ажратган.

Шу муносабат билан Малони Кушнердан 2022 йил 16 июнга қадар ушбу молиялаштириш бўйича ундан сўралган барча ҳужжатларни, шу жумладан шахсий хабарлар ва ёзувларни Конгрессга тақдим этишни талаб қилди.

“Назорат ва ислоҳотлар қўмитаси сиз (Кушнер — таҳр.) Саудия Арабистони ҳукуматидан миллиардлаб доллар олиш учун ҳукуматдаги мавқеингиздан нотўғри фойдаланганмисиз ва сизнинг шахсий молиявий манфаатларингиз Трамп президентлиги давридаги АҚШ ташқи сиёсатига нотўғри таъсир қилганми ёки йўқлигини текширмоқда”, дейди Малони.

Эслатиб ўтамиз, жаноб Кушнер АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трампнинг куёви, 2017-2021 йилларда у жаноб Трампнинг маслаҳатчиси бўлган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 86
Рейтинг: 3
t
×