Трампнинг қизи ва куёви Қатар Бош вазирини яҳудий тадбиркорлари билан учраштирди

Олам

image

АҚШнинг 45-президенти Дональд Трампнинг қизи Иванка Трамп ва унинг турмуш ўртоғи Жаред Кушнер Нью-Йоркда Қатар Бош вазири – Ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний, яҳудий миллиардерлари ва тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “Axios” портали хабар берди.

Қайд этилишича, учрашув 29 ноябрь куни бўлиб ўтган, унда Қатар Бош вазири Доҳанинг Яқин Шарқдаги можарони ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида гапирган. Нашрнинг билдиишича, Ол Соний Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги воситачиликда, хусусан, Ғазода гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар бўйича асосий фигура саналади.

Манбага кўра, Трампнинг куёви Қатар Бош вазири билан қайнотасининг маъмурияти даврида Қатар ва Форс кўрфазидаги бошқа араб давлатлари ўртасидаги келишмовчиликларга барҳам бериш бўйича музокаралар пайтида яқин бўлган.

Таъкидланишича, Қатар ҳозирда ҲАМАС билан алоқалари туфайли АҚШ Конгресси аъзолари ва яҳудий ташкилотларининг ошиб бораётган босими ва назорати остида.

“Қатарнинг сўнгги беш йил ичида иш ҳақи, ёқилғи ва муҳтожларга ёрдам бериш учун Ғазога ўтказган миллиардлаб долларлари Исроил ҳукумати томонидан мувофиқлаштирилди ва тасдиқланди”, деб ишонтирган Ол Соний учрашувда.

Эслатиб ўтамиз, 15 ноябрь куни Истанбулда бўлиб ўтган “Фаластин учун ягона юрак” биринчи хонимлар саммитида қатнашган Қатар Амирининг онаси Шайха Моза бинт Носир Исроилнинг уруш қонуниятларини менсимаслиги ортидан Ғазода халқаро гуманитар ҳуқуқ бузилаётгани, халқаро ҳамжамият Исроилнинг ваҳшийлигини тўхтата олмаганини айтганди. 

Шайха Моза халқаро босимни кучайтириш зарурлигини билдириб, шифохоналар ва мактаблар бундай ҳужумларда нишонга олинмаслиги кераклигини қайд этган. У, шунингдек, Қатарнинг келгуси даврда таълим соҳасига халқаро ёрдам кўрсатишга тайёрлигини қўшимча қилган. 

“Биз қилаётган барча ишларни Ғазо халқи учун қиламиз, лекин бу ҳеч қачон қарз бўлмайди.  Тарихнинг бу мудҳиш дақиқаларида Ғазо аҳли умматнинг қадр-қимматини ифодалайди”, деган Шайха Моза.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Иванка Трамп Жаред Кушнер Қатар Бош вазири

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг