Трампнинг импичмент тўғрисидаги қарори Сенатга топширилди

Олам 1791
image

Кеча, 25 январь куни кечқурун АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси вакиллари Сенатга собиқ Президент Дональд Трампга импичмент эълон қилиш тўғрисидаги қарорни топширди. 

Вазиятнинг мисли кўрилмаган жиҳати шундаки, Трамп икки марта импичмент эълон қилинган АҚШ тарихидаги биринчи Президент бўлди.

Қайд этилишича, импичмент жараёни жорий йилнинг 8 февралидан кейин бошланади. 

Маълумотларга кўра, агар Трамп президентлик лавозимида бўлганида, унда импичмент масаласини кўриб чиқувчи раис АҚШ Олий судининг раҳбари Жон Робертс бўлар эди. Айнан у Трампнинг биринчи импичменти доирасида суд раиси бўлган, натижада республикачи оқланган. 

Бироқ, Трампнинг президентлик муддати 20 январда тугаганлиги ҳисобга олинса, суд раиси роли АҚШ тарихида биринчи марта қонун чиқарувчига юкланган.

Таъкидланишича, Трампнинг иккинчи импичмент жараёнини Сенатнинг вақтинчалик раҳбари Патрик Лихи кўриб чиқади. Лихи эгаллаб турган лавозим Конгресс юқори палатасидаги АҚШ вице-президентидан кейинги иккинчи муҳим лавозим ҳисобланади. 

АҚШда 2020 йил 3 ноябрь куни президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Президентликка асосий даъвогарлар – демократ Жо Байден ва республикачи Дональд Трамп эди. Оммавий овоз бериш ва сайловчиларнинг овоз бериш натижаларига кўра, Байден ғалаба қозонди, аммо Трамп сайлов натижаларини тан олмади ва судларга даъво қилди.

6 январь куни Трампнинг тарафдорлари мамлакат пойтахти Вашингтондаги Капитолий олдида намойиш уюштириб, Конгресс биносига бостириб кирди. Капитолийга ҳужум фонида Трампга иккинчи импичмент эълон қилинди. Шундан сўнг, бир қатор мессенжерлар ҳам Трампнинг аккаунтларини блоклади.

Ўша куни бу воқеалардан аввалроқ Трамп Вашингтонда тарафдорлари билан учрашиб, унда тўпланганларни Капитолийга келиб, қонун чиқарувчиларга “ўғирланган сайловлар” бўйича ўз норозиликларини билдиришга чақирган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 24
Рейтинг: 3
t
×