Трампни қутлашдан Лукашенко ҳам четда қолмади
Олам
−
07 Ноябрь
4611Беларусь фуқароси Александр Лукашенко республикачи Дональд Трампга Америка Қўшма Штатлари президенти лавозимига қайтиши муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.
“Бу йил мисли кўрилмаган курашда бўлиб ўтган овоз бериш натижалари сизнинг шахсий жасоратингиз тимсолига айланди. Сизни Америка Қўшма Штатлари президенти лавозимига қайтганингиз билан чин қалбимдан табриклайман. Сизга сиҳат-саломатлик, Американи яна буюк қиладиган муваффақиятли сиёсий қарорлар тилайман”, деган Лукашенко.
Маълумот учун, Трамп 2016 йилги сайловда ғалаба қозонган, аммо 2020 йилги сайловда мағлуб бўлган. Шундан сўнг, у 2020 йилги сайловда кенг кўламли фирибгарлик бўлганини даъво қилиб келади. Ушбу даъволар 2021 йил 6 январь куни Капитолийга ҳужумга олиб келган бўлиб, Трамп тарафдорлари Президент Байденнинг ғалабасини тасдиқлаш жараёнини тўхтатишга ҳаракат қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ НАТО Бош котиби Марк Рютте, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, Франция Президенти Эммануэль Макрон, Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Украина Президенти Владимир Зеленский, Марказий Осиё етакчиларидан Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев , АҚШнинг собиқ президенти, демократ Барак Обама Дональд Трампни Америка Қўшма Штатлари Президенти этиб сайлангани билан табриклади.
LiveБарчаси