Трампга суд ҳукми ўқилди

Олам

image

Бугун, 10 январь куни Нью-Йорк штати судьяси Хуан Мерчан АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампни порноактриса Сторми Дэниелсга тўловлар бўйича ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топди ва унинг шартсиз озод қилинишини тайинлади. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Шу тариқа, 20 январь куни Трамп АҚШ тарихида жиноят бўйича судланган ҳолда лавозимга киришган биринчи президентга айланади. Бунгача ҳеч бир президент жиноят содир этганликда айбдор деб топилгач, ушбу лавозимни эгалламаган. АҚШ конституцияси судланган шахсларга президентликка номзодини қўйиш ёки ушбу лавозимни эгаллашни тақиқламайди.

Маълумот учун, 2024 йилнинг май ойида ҳакамлар ҳайъати Трампни сиёсатчи билан муносабатлари ҳақида сукут сақлагани учун порноактриса Сторми Дэниелсга 130 минг доллар тўлаганини яшириш учун бизнес ёзувларини сохталаштиришда барча 34 та айбловда айбдор деб топди. Ҳукм аввалига 11 июлга белгиланган эди, бироқ судья Хуан Мерчан уни бир неча бор, жумладан, АҚШдаги президентлик сайловлари туфайли кейинга қолдирди.

“Associated Press” агентлигининг қайд этишича, Трамп ўз лавозимига киришган ва оғир жиноятларда айбланган биринчи АҚШ президенти бўлди. Трампга қадар АҚШнинг бирорта президенти – собиқ ёки амалдаги – жиноятда айбланмаган ёки ҳукм қилинмаган.

Маълумот ўрнида, шартсиз озод қилиш бу суд ҳукми бўлиб, унда айбланувчи жиноятда айбдор деб топилади, лекин унга ҳеч қандай жазони ўташ ёки бошқа шартларни бажариш юклатилмайди.

Бу ҳукм одатда қуйидаги ҳолатларда қўлланади:

  • Жиноят нисбатан енгил бўлса;
  • Айбланувчи қайта жиноят содир этиш эҳтимоли паст деб ҳисобланилса;
  • Суд жазони бажаришдан фойда йўқ деб топса.

Бундай ҳукм чиқарилганда, айбланувчининг жинояти суд қарорида қайд этилади, лекин унга жарима, қамоқ ёки бошқа жазо чораси татбиқ қилинмайди. 

Эслатиб ўтамиз, Хуан Мерчан Дональд Трампга Сторми Дэниелсга тўловлар бўйича ҳужжатларни қалбакилаштириш иши бўйича ҳукм чиқаришни 10 январга тайинлагани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг