Трампдан Маскни ишдан бўшатиш талаб қилинмоқда

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трампдан 70 дан ортиқ демократ конгрессмен Илон Маскни 30 майгача ишдан бўшатишни талаб қилди. Бу ҳақда “Axios” хабар берди.

Конгресснинг Вакиллар палатасидаги демократлар гуруҳи тадбиркор Илон Маскни Оқ уй маъмуриятидаги лавозимидан кетказишга қаратилган мувофиқлаштирилган кампанияни бошлади. Улар Маск давлат бошқаруви самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари сифатида қонун талабларига зид равишда фаолият юритаётганини таъкидламоқда.

Демократлар ишора қилаётган қонунга кўра, “махсус давлат хизматчиси” мақомидаги шахс бу лавозимда бир йилда 130 кундан ортиқ ишлай олмайди ва айнан шундай мақом Илон Маскка тегишли.

“Биз сизнинг маъмуриятингиздан Маск 30 майгача лавозимидан кетишини ва қарор қабул қилиш ваколатларидан воз кечишини очиқ равишда эълон қилишингизни талаб қиламиз”, дейилади 77 нафар конгрессмен имзолаган мурожаатда.

Улар, шунингдек, Маск бир йил давомида махсус давлат хизматчиси сифатида лавозимга қайтмаслиги кераклигини, агар қайтмоқчи бўлса, у ҳолда ўз компаниялари – Tesla ва SpaceX'даги иштирокидан бутунлай воз кечиши лозимлигини таъкидлаган.

“Биз Республикачилар партиясига нисбатан босим 30 майга қадар фақат кучайиб боришини аниқ тушунтирдик”, деди Техасдан сайланган демократ Грегори Казар.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан кейин Илон Маскни давлат бошқаруви самарадорлиги департаменти раҳбари этиб тайинлаган эди. Бунгача ҳам АҚШнинг кўплаб штатларида Дональд Трамп, унинг сиёсати, хусусан, импорт божларининг жорий этилиши ва Илон Маскнинг маъмуриятдаги иштирокига қарши кенг норозиликлар бўлиб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Илон Маск DOGE

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг