Трамп яна бир тинчлик битимини эълон қилмоқчи
Олам
−
06 Август 6001 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп 8 август куни Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашади. Бу ҳақда Оқ уйдаги манбаларга таяниб, “The Washington Post” газетаси хабар берди.
Уларнинг маълумотларига кўра, музокаралар якунида Озарбайжон ва Арманистон етакчилари тинчлик битими тузилганини эълон қилишлари мумкин.
Арманистон Вазирлар Маҳкамаси ҳам Пашинян Вашингтонга ташриф буюриб, у ерда Илҳом Алиев ва Дональд Трамп билан учрашишини тасдиқлади.
“7-8 август кунлари Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян АҚШга ташриф буюради. Вашингтонда Бош вазир Пашинян АҚШ Президенти Дональд Трамп билан Арманистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш мақсадида икки томонлама учрашув ўтказади, шунингдек, минтақада тинчлик, фаровонлик ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан уч томонлама учрашув ўтказади”, дейилади ҳукумат хабарида.
Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги 13 март куни Озарбайжон билан тузилган тинчлик шартномаси матни ҳар икки томон томонидан келишилгани ва Ереван ҳужжат имзоланадиган жой ва муддатлар бўйича таклифларни муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айхон Ҳожизоданинг айтишича, келишув чегарадаги ўқ узилишини тўхтатиш ва Бакуга нисбатан ҳудудий даъволарни истисно қилувчи Арманистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш каби қатор шартлар бажарилса, тузилади. Бундан ташқари, Озарбайжон ЕХҲТ Минск гуруҳини расман бекор қилишни талаб қилмоқда, бу мамлакат уни эскирган тузилма деб билади. Ереван Бакунинг айбловларини рад этади.
Шу билан бирга, Пашинян унинг ҳукумати “минтақавий хусусиятга эга” бўлиши керак бўлган янги конституцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиқиш ниятида эканини маълум қилди. У, шунингдек, Баку билан тинчлик ўрнатиш билан бир вақтда Россия, АҚШ ва Франция ҳамраиси бўлган Минск гуруҳини тарқатиб юбориш масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Трамп президентлигининг иккинчи муддати бошлангандан бери Ҳиндистон ва Покистон, Исроил ва Эрон, Камбоджа ва Таиланд, Конго Демократик Республикаси ва Руанда орасидаги можароларни ҳал қилганини айтиб келади. Покистон, Исроил ва Камбоджа Трампнинг номзодини тинчлик бўйича Нобель мукофотига кўрсатган.
Live
Барчаси