Трамп Вашингтонга ҳам Миллий гвардияни юборди

Олам

image
Трампга қарши “қўзғолон” north_east

Трампга қарши “қўзғолон”

АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакат пойтахти Вашингтонга (Колумбия округи) “қонун, тартиб ва жамоат хавфсизлигини тиклаш учун” Миллий гвардиянинг 800 нафар аскарини юборишга қарор қилди. Бу ҳақда республикачи кеча, 11 август куни Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг маълум қилишича, хавфсизлик кучлари шаҳарга бир ҳафта ичида етиб боради.

Трамп Метрополитен полиция департаменти федерал назоратга ўтказилишини эълон қилди – Колумбия округи қонуни бундай чораларни “фавқулодда вазиятнинг алоҳида ҳолатларида” 30 кунгача кўришга рухсат беради. АҚШ Президенти ўз қарорларини шаҳардаги зўравонлик жиноятларининг юқорилиги билан изоҳлади.

“Сўнгги бир неча кун ичида Вашингтонга АҚШнинг бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларидан ҳам юзлаб зобитлар, жумладан ФҚБ ва Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) юборилди”, деб хабар бермоқда “Reuters”. 

Миллий гвардияга келсак, Колумбия округида 2700 нафар гвардиячи доимий равишда жойлаштирилган.

Президентнинг сўзларига кўра, ҳозир АҚШ пойтахтини “зўравон тўдалар ва қонхўр жиноятчилар, йиртқич ёшларнинг аёвсиз тўдалари, маняк наркоманлар”, шунингдек, “зудлик билан тарк этиши керак бўлган” уйсизлар эгаллаб олган. Трампнинг таъкидлашича, 2023 йилда қотилликлар сони “25 йил” орқага қайтиб, “эҳтимол, шаҳар тарихидаги энг юқори даражага етган”.

Президент инновациялар шаҳарни “ҳар қачонгидан ҳам хавфсизроқ ва гўзалроқ” қилишига ишонади. 

“Бугун Вашингтонда озодлик куни ва биз пойтахтимизни қайтариб олмоқчимиз”, дея қўшимча қилди давлат раҳбари. 

Президент агар керак бўлса, Чикаго ва Нью-Йоркда ҳам худди шундай чораларни қўллаш билан таҳдид қилди.

2015 йилдан бери Колумбия округига раҳбарлик қилган АҚШ Демократик партияси вакили Муриэль Боузер Трампнинг назоратсиз зўравонлик ҳақидаги баёнотларини рад этиб, шаҳарда “жиноятчиликнинг ўсиши кузатилмаётгани”ни айтди.

Колумбия округи бош прокурори Браян Швалб эса Трампнинг ҳаракатларини “мисли кўрилмаган, кераксиз ва ноқонуний” деб атади. 

“Колумбия округидаги зўравонлик жинояти ўтган йили 30 йиллик тарихий энг паст даражага етди ва йил давомида яна 26 фоизга камайди”, деди у. 

Швалбнинг айтишича, унинг бўлими маҳаллий аҳолининг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун “барча вариантларни кўриб чиқмоқда”.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил июнь ойида АҚШ Президенти ноқонуний муҳожирларга қарши ICE рейдлари оқибатида юзага келган тартибсизликлар муносабати билан Лос-Анжелесга Миллий гвардия қўшинларини юборганди. Маълум қилинишича, Трампнинг буйруғи билан жами 700 нафар денгиз пиёдаси ва яна 2000 нафар миллий гвардиячи Калифорнияга вақтинча жойлаштирилган. Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом Президентнинг ҳаракатларини “Америкага зид” деб атади ва уни судга беришга ваъда берди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Миллий гвардия Дональд Трамп Вашингтон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг