Трамп вакцина синовини тезлаштирди. Синов бугун бўлиб ўтади
Олам
−
16 Март 2020
20307Бугун, 16 март куни АҚШда коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи синови бўлиб ўтади. Бу ҳақда AP нашри мамлакат ҳукумати вакилининг сўзларига таяниб, хабар берди.
Олимлар Вашингтон штатининг Сиэтл шаҳрида жойлашган соғлиқни сақлаш илмий-тадқиқот институтида вакцина синовини ўтказишади. Синовларнинг биринчиси бугун бўлиб ўтади. Синовлар муддати бир йилга чўзилиши мумкинлиги айтилди.
Синов “NIH ва Moderna Inc” томонидан биргаликда ишлаб чиқилган вакцина устидан бўлиб ўтади. Синовда 45 ёшдаги соғлом кўнгиллилар иштирок этиши режалаштирилган. Синовни соғлом одамларда ўтказишнинг мақсади шундан иборатки, вакциналар ҳеч қандай безовта қилувчи таъсир кўрсатмаслигига ишонч ҳосил қилишдир.
АҚШ Миллий аллергия ва юқумли касалликлар институти директори доктор Энтони Фаучининг сўзларига кўра, агар дастлабки вакцина синовлари муваффақиятли бўлса ҳам, уни кенг фойдаланишга тайёр бўлишини бир - бир ярим йил кутишга тўғри келади. Бу вақт давомида вакцинанинг зарари йўқлигини аниқлаш учун минглаб одамларда тадқиқотлар ўтказишлари керак.
Нашрнинг таъкидланишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп вакцина синовларини зудлик билан амалга оширишни талаб қилган. Шунингдек, у вакцинани “нисбатан тезроқ” кўришга умид қилмоқда.
Маълумот учун, хитойлик олимлар коронавирусга қарши, ОИВни даволаш учун қўлланиладиган дорилар ва Эбола билан курашиш учун ишлаб чиқилган “ремдесивир” номли экспериментал препаратни синаб кўришмоқда. Америка Қўшма Штатларида Небраска университети тиббиёт маркази COVID-19 борлиги аниқланган баъзи америкаликларга ремдесивирни синовдан ўтказишни бошлади.
Аксарият одамлар учун коронавирус иситма ва йўтал каби енгил ёки ўрта даражадаги симптомларни келтириб чиқаради. Кекса ва соғлиғида муаммолари бўлган одамлар учун ушбу вирус пневмонияни келтириб чиқариши мумкин.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 173 029 нафарга етган. Бу касаллик туфайли 6 663 киши вафот этган. Беморлардан 5,937 нафари ёки 7 фоизининг аҳволи оғир. Шу кунгача касалликни юқтирганларнинг 77 783 нафари бу вирусдан фориғ бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь