Трамп ва унинг фарзандлари қамалиши мумкин
Олам
−
27 Ноябрь 2020
58126Дональд Трампнинг ўзи ҳамда уч фарзандининг “The Trump Ogranization”даги фаолияти уларни жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда, Германиянинг “Focus” нашри журналисти Сандра Вард маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу иш доирасида Дональд Трампга қамоқ жазоси берилиши мумкин.
“Фақат президентлик Дональд Трампни қамоқдан ёки ҳалокатдан қутқаради”, дея америкалик тарихчи Тимоти Снейдердан иқтибос келтирди Сандра Вард.
Шу билан бирга, Америка оммавий ахборот воситаларида амалдаги давлат раҳбарининг учта фарзанди — Иванка, Дональд ва Эрикнинг қамоққа олиниши ҳақидаги тахминлар тобора авж олмоқда. Улар “The Trump Ogranization”да молиявий ва солиқ қоидабузарликларига алоқадор бўлиши мумкин.
Жорий йилда Нью-Йорк Олий суди Президент оиласи ширкатида солиқ қонунчилигининг бузилиши бўйича тергов кенгайтирилганини эълон қилгандан кейин Иванка Трамп Демократик партияни сиёсий таъқибда айблаган эди.
Трамп фондининг фаолияти билан энг кўп Иванка шуғулланади. Унинг отасидан “маслаҳатчи” сифатида 750 минг доллар маош олгани Нью-Йорк прокурорлари орасида Президент солиқлардан қочишга уриняпти деган шубҳанинг кучайишига сабаб бўлган. Бундан ташқари, Трамп Playboy модели Карен Макдугалга пора берганликда гумон қилинган.
2012 йилда эса Трампнинг фарзандлари Иванка ва кичик Дональд фирибгарликда айбланиб, суд олдида жавоб беришига сал қолган. Ўша пайтда улар “Trump Soho Tower”даги хонадонларнинг нархини оширишда айбланиши мумкин эди. Шуниси эътиборга лойиқки, ўшанда Трамплар оиласи прокурорнинг қайта сайлов кампаниясига 25 минг доллар хайрия қилган.
Бугунги кунда Трамплар оиласига нисбатан ўндан ортиқ тергов ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳам етмагандек келгуси йилларда амалдаги давлат раҳбари хорижий кредиторлар, жумладан, Deutsche Bank олдидаги 300 миллион доллардан ортиқ қарзни тўлаши керак.
“Financial Times”нинг ёзишича, Трампнинг қарздорлиги 900 миллион долларга етади. “Forbes” эса Трампнинг солиқ идоралари олдида миллионлаб мажбуриятлари ҳамда пандемия сабабли амалдаги Президентнинг бизнеси катта йўқотишларга учрагани ҳақида ёзмоқда.
Ўтган йили ҳукуматнинг Этика қўмитаси Иванка Трампга хайрия маблағлари ҳисобига 20 минг доллар эвазига Президентнинг портретини сотиб олганидан сўнг, “Хайрия ташкилотларининг вазифалари” курсини ўташини буюриб, ҳайрия маблағлари шахсий манфаатлар ва харажатлар учун мўлжалланмаганлигини таъкидлаган эди.
Иванканинг эри Жаред Кушнернинг оиласида ҳам қонун билан муаммолар бўлган. 2004 йилда Жаред Кушнернинг отаси, таниқли бизнесмен Чарлз Кушнер солиқлар билан боғлиқ фирибгарлиқда ҳамда партияларнинг ноқонуний ҳайр-эҳсонлари бўйича айбини тан олганидан кейин 14 ойлик қамоқ жазосини олган эди. Бундан ташқари, у судда қариндошларидан бирини “шантаж” қилиш учун фоҳишани ёллаганлигини ҳам айтган.
LiveБарчаси