Трамп унга қарши айбловлар ўлимга олиб келишидан огоҳлантирди

Олам

image

Бугун, 24 март куни АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп унга тегишли Trump Organization ташкилоти билан боғлиқ молиявий фирибгарлик иши бўйича эҳтимолий айблов мамлакат учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у ўзига тегишли Truth Social ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.

“Қандай одам бошқасини, бу ҳолатда АҚШнинг собиқ президентини, тарихдаги барча президентлардан кўпроқ овоз олган ва Республикачилар партияси илгари сураётган етакчи номзодни айблаши мумкин. Ваҳоланки, ҳеч қандай жиноят содир бўлмаганини ҳамма билади, шунингдек, бундай ёлғон айблов оқибатида юзага келиши мумкин бўлган ўлим ва фалокат мамлакатимиз учун ҳалокатли бўлиши аниқ. Буни фақат АҚШни чин дилдан ёмон кўрадиган психопат қила олади”, деб ёзган Дональд Трамп.

АҚШ маҳаллий нашрлари эса Трамп Нью-Йорк жанубий округи прокурори Алвин Брагга қарши “қасос олиш режаси”ни ишлаб чиқаётганини ёзмоқда. Уларда айтилишича, агар Трамп 2024 йилги президентлик сайловларидан сўнг Оқ уйга қайтса, АҚШ Адлия вазирлигининг Фуқаролик ҳуқуқлари бўлими Брагга нисбатан тергов ўтказиши мумкин. 

Маълумот учун, Нью-Йоркдаги катта ҳакамлар ҳайъати собиқ порнографик актриса Сторми Дэниелсга пул тўлашда Trump Organization ташкилотининг молиявий ҳужжатларини сохталаштириш билан боғлиқ ҳолда Трампга қарши айбловлар қўйиш имкониятини текширишда давом этмоқда. Айтилишича, адвокат Майкл Коэн 2016 йилги сайлов кампанияси пайтида 2006 йилда Трампга алоқадорлиги ҳақидаги маълумотни тарқатмаслиги учун унга 130 минг доллар тўлаган. Кейин Нью-Йоркнинг жанубий округи прокуратураси маълумотларига кўра, сарфланган пул унга Trump Organisation ҳисобидан тўланган, бунинг учун компания ҳужжатлари сохталаштирилган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 март куни Трамп Манхеттен округи прокуратураси томонидан 21 март куни ҳибсга олиниши кутилаётганини айтганди. Собиқ президент ҳибсга олиш тўғрисидаги қарор Манхеттен округи прокурорининг коррупциялашган ва ниҳоятда сиёсийлашган идораси томонидан қабул қилинганини таъкидлаганди. У ҳеч қандай жиноят қилмаганини билдириб, агар ҳибсга олинса, тарафдорларини келажакдаги айбловларга қарши норозилик билдиришга чақирганди. Шу куни америкалик тадбиркор Илон Маск Twitter'даги саҳифасида Трампнинг ҳибсга олиниши унинг 2024 йилги сайловларда қайта сайланишига ҳисса қўшишини ёзган. 19 март куни эса собиқ президент Трампни тергов қилаётган Нью-Йорк округи прокурори Алвин Брагг қўрқитишга уринишларга тоқат қилмаслиги ва тўлиқ тергов олиб боришини эълон қилганди. Жорий йилнинг 22 март куни эса Нью-Йорк Бош прокурори Летиция Жеймснинг Дональд Трампга қарши даъвоси бўйича тинглов бошланишидан аввал Қуйи Манхеттен судига бомба таҳдиди ҳақида хабар берилгани маълум бўлганди. Кейинчалик “Fox News” телеканалида Трамп ҳибсга олиниши ҳақидаги хабарлар фонида сайловолди компанияси учун 1,5 млн доллар маблағ йиғгани айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Трамп Нью-Йорк айбловлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг