Трамп учинчи марта президентликка номзодини қўядими?
Олам
−
27 Октябрь 3526 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг учинчи марта президентлик сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги саволларга муносабат билдирди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Қайд этилишича, журналистлар Трампдан айрим тарафдорлари уни яна президентликка номзод сифатида кўришни хоҳлашаётгани ва ҳатто уни бошқа номзод учун вице-президент сифатида таклиф қилиш ғоясини билдиришгани ҳақида сўрашган.
“Буни хурсандчилик билан қилардим, чунки менинг натижаларим тарихдаги энг яхши кўрсаткичлардан биридир”, дея саволга жавоб берган Трамп.
Шу билан бирга, у 2028 йилда Республика партияси сафида кучли рақобатчилар етарли эканини таъкидлаган. Трамп улар орасида вице-президент Жей Ди Вэнс ва давлат котиби Марко Рубиони алоҳида тилга олиб, “Агар улар бирлашса, ким уларни тўхтата олади, билмайман” деган. У учинчи муддатга интилиши аҳолининг қўллаб-қувватлай олмаслиги мумкинлигини тан олган.
“Техник жиҳатдан бунга рухсат берилиши мумкин, аммо одамлар буни маъқулламайди. Бу нотўғри бўларди”, дея якунлаган.
Маълумот учун, Дональд Трамп Республикачилар партияси аъзоси, Қўшма Штатларнинг 47-президенти. Унинг биринчи президентлик даври 2017 йилдан 2021 йилгача тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг ноябрь ойида АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтган эди. Унда Дональд Трамп ғалаба қозонганди. Шундан сўнг, у жорий йилнинг январь ойида лавозимига киришган. У бу лавозимда 2029 йилнинг январигача қолади.
Моҳичеҳра Қадамова