Трамп Тўқаевдан ҳам Украина бўйича позициясини сўради
Олам
−
03 Январь
10742Ўтган ойда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилганди. Мазкур мулоқот давомида Трамп Тўқаевдан Украина бўйича позициясини сўрагани маълум бўлди. Бу ҳақда у “Ana tili” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
"Телефон суҳбати чоғида Дональд Трамп Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тугатиш ҳақидаги қарашларимиз ҳақида сўради. Бу мавзу мен учун янгилик эмас, чунки 2024 йил давомида кўплаб давлат раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар ҳам худди шундай савол билан мурожаат қилишган. Вазият ўзига хос: Россия ҳарбий жиҳатдан енгилмас, Украина эса Ғарб иттифоқчилари ёрдамида урушдан омон қолишга, ҳеч бўлмаганда уни бой бермасликка умид қилмоқда", дейди Тўқаев.
Мулоқот давомида Қозоғистон етакчиси муаммонинг ўта мураккаблигини, унинг ечими зиддиятли давлатлар раҳбарларининг иродаси ва хоҳишига ва, албатта, етакчи куч маркази сифатида Трампнинг ўзига ҳам боғлиқ эканини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, Қозоғистон Украинадаги жанговар ҳаракатлар бошиданоқ тинчликка эришиш учун музокараларни бошлаш тарафдори бўлган.
"Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, биз халқаро майдонда ҳеч қаерда воситачи бўлишни сўрамаймиз, лекин биз ўзимизни Қозоғистоннинг салоҳияти ва имкониятларига мувофиқ тутамиз ҳамда халқаро муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беришга доимо тайёрмиз. Гап шундаки, халқаро майдондаги кескинлик Қозоғистоннинг айрим давлатлар билан савдо-сиёсий муносабатларига таъсир қилади, шунинг учун биз ташқи тенденцияларнинг салбий таъсирини минималлаштиришга интиламиз. Қозоғистон барча манфаатдор давлатлар билан прагматик ва ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатишни мақсад қилган", дейди Президент.
Шунингдек, у Трамп Қўшма Штатларнинг муҳим стратегик ҳамкори сифатида Қозоғистонга ижобий муносабатда эканига ишонч билдирди. Шу билан бирга, Тўқаев Трамп ва унинг жамоаси халқаро сиёсатда янги ёндашувларни илгари суриши, бу эса муқаррар равишда дунёдаги вазиятга таъсир қилишини қўшимча қилди.
"Мен ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридан Қозоғистон-Америка муносабатларини ўрнатишда иштирок этиш имконига эга бўлдим. Ўттиз йилдан ортиқ давом этган ўзаро ҳамкорликда устувор йўналишлар – савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик, ядровий қуролларни тарқатмаслик ва хавфсизлик бўйича умумий қараш вужудга келди. Ушбу кун тартиби Оқ уйнинг янги маъмурияти билан биргаликдаги ишимизнинг асосини ташкил қилади", деди Тўқаев.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида “Washington Post” Трамп Европанинг бир неча раҳбарлари билан суҳбатлашиб, Россия Президенти Владимир Путин ва Украина раҳбари Владимир Зеленскийнинг “ғалаба режаси” ҳақида саволлар берганини хабар қилганди. Польша Президенти Анджей Дуда Трамп ундан Украинадаги қарашлари, шунингдек, бошқа раҳбарларнинг позициялари ҳақида сўраганини айтган.
LiveБарчаси