Трамп туғилган кунини катта суммадаги ҳарбий парад билан нишонламоқчи
Олам
−
10 Июнь 5028 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 14 июнь куни мамлакат пойтахти Вашингтонда йирик ҳарбий парад ўтказади. Бу ҳақда “The Washington Post” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, танклар, пиёдалар жанговар машиналари ва оғир артиллерия юкланган поездлар аллақачон Мэриленд штатига яқинлашмоқда. Улар юк машиналарида Вашингтонга олиб борилиб, Конституция хиёбонидан юриб ўтади. 1,5 соатлик парад учун шаҳар марказининг кўплаб кўчалари тўрт кун давомида ёпилади. Умумий ҳисобда 150 дона ерусти ҳарбий техникаси (шу жумладан 25 та M1 Abrams танки), 6600 аскар, вертолётлар ва 50 та самолёт қатнашади.
“Bloomberg” нашрига кўра, парадда АҚШ армиясининг 250 йиллиги нишонланади – бу сана тасодифан Трампнинг 79 ёшлик юбилейига ҳам тўғри келади. Трамп 2017 йилда Парижга ташрифи чоғида шунга ўхшаш парадни кўргач, ўз президентлиги даврида бундай тадбир ўтказишни истаган. Бироқ унда бу таклиф катта харажатлар сабабли рад этилган. Бундан ташқари, Америка жамоатчилиги бундай тантаналарга ўрганмаган – улар кўпроқ Россия, Шимолий Корея, Хитойга хос.
Сўнгги марта АҚШда ҳарбий парадлар 1946 йилда (Нью-Йоркда, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабадан кейин) ва 1991 йилда (Вашингтонда, Ироқ қўшинларининг Қувайтдан ҳайдалишидан кейин – “Чўл бўрони” амалиётидан сўнг) ўтказилган.
Бу йилги параднинг тахминий қиймати 25-40 миллион долларга баҳоланмоқда (шаҳар инфратузилмасини ёпиш, хавфсизлик чоралари ва тозалаш ишлари харажатлари бундан ташқари). Трамп бу харажатни “буюк сарф-харажат” деб атаган. Мудофаа вазирлигидаги қуруқлик кучлари бўйича масъул Дэниел Дрисколл парад армияда хизмат қилишни тарғиб қилади, деб ҳисоблайди.
Шу билан бирга, Трамп маъмурияти Ветеранлар ишлари бўйича департаментдаги 83 минг нафар ходимни ишдан бўшатишни режалаштирмоқда. Сенатор-демократ Ричард Блументал бу вазиятни кескин танқид қилган.
“Ветеранларга тушунтириш жуда қийин – нега биз, эҳтимол, 40 миллион долларни парад учун сарфлаяпмиз, лекин айни вақтда уларнинг иш ўринлари қисқартирилмоқда, гўёки исрофгарчиликка қарши курашяпмиз”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, бу парад Трампнинг Лос-Анжелесдаги иммиграцион сиёсатга қарши оммавий норозилик намойишларига жавобан ҳарбий куч қўллаш ҳақидаги қарори фонида бўлиб ўтади. У шаҳарга 2000 нафар миллий гвардиячи, кейин эса 700 нафар денгиз пиёда аскарлари юборишни буюрган. Калифорния штати эса бу қарорни судга берди.