Трамп Россия ва Украина ўртасидаги келишувни эълон қилишга шошилди – FT

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия ва Украина бир-бирининг энергетика инфратузилмаси объектларига зарба беришни тўхтатишга рози бўлгани ҳақида эълон қилишга шошилди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “Financial Times” хабар берди.

Украина, Россия ва АҚШ ўртасидаги музокараларда иштирок этаётган расмий шахслар энергетика сулҳи масаласи анчадан бери муҳокама қилинаётганини тасдиқлаган. Уларнинг сўзларига кўра, Украина бир неча ой давомида Россиядан энергетика объектлари ва бошқа муҳим инфратузилмага зарба беришда ўзаро танаффусга эришишга ҳаракат қилган, аммо Москва бу таклифларни рад этиб, ҳужумларни янада кучайтирган.

FT манбаларининг Кремль позициясидан хабардор манбаларига таяниб хабар беришича, Россия Президенти Владимир Путин қиш олдидан Украина билан энергетика бўйича келишув тузишни хоҳламайди: у совуқ фаслда энергетика объектларига бериладиган зарбалар Киевни ён беришга мажбур қилиши мумкин деб ҳисоблайди.

Украинанинг икки нафар юқори мартабали мулозими Дональд Трамп энергетика сулҳи ҳақидаги хабари орқали ёқилғи қимматлашишидан чарчаган америкаликларга нархларни тушириш устида ишлаётганини кўрсатмоқчи бўлган, деб ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 сентябрь куни Дональд Трамп Украинани Россия нефтни қайта ишлаш заводларига зарба беришни тўхтатишга ошкора чақирди, чунки бу бутун дунёда дизель ёқилғиси нархининг ошишига олиб келмоқда.

Кеча, 14 сентябрь куни Трамп Украина Россиянинг энергетика инфратузилмаси объектларига зарба бермасликка рози бўлганини ва Россия ҳам гўёки шундай қилишга розилик берганини эълон қилди. Украина Президенти Владимир Зеленский бундай келишувга тайёрлигини тасдиқлади, аммо “Россия бирор-бир келишувга амал қилишни хоҳлашига” шубҳа билдирди. Москва Трампнинг келишув ҳақидаги баёнотига ҳозирча изоҳ бергани йўқ.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг