Трамп рекорд даражада 43 кун давом этган “шатдаун”ни якунлади
Олам
−
13 Ноябрь 3693 2 дақиқа
Кеча, 12 ноябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп федерал ҳукумат фаолиятини қайта тиклайдиган молиялаштириш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Бу билан мамлакат тарихидаги 43 кун давом этган энг узоқ “шатдаун” расман якунланди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қонун лойиҳаси Конгрессдаги келишмовчиликлардан сўнг, Республикачилар ва Сенатдаги мўътадил демократлар ўртасида тузилган келишув асосида қабул қилинган. У ҳукуматни январгача молиялаштиришни ва айрим агентликлар учун 2026-молиявий йили охиригача маблағ ажратилишини таъминлайди.
Шу билан бирга, “шатдаун” давомида амалга оширилган оммавий ишдан бўшатишлар бекор қилиниб, давлат ходимларига маош тўловлари қайта тикланади.
Трамп бу қарорни “Демократлар устидан ғалаба” деб атади ва уларни “босим ва шантаж қилишда” айблади. Унинг таъкидлашича, “улар осон йўлни танламади ва энди жуда ёмон кўринишди”.
Қонунга имзо қўйиш маросимида бир қатор республикачи қонунчилар иштирок этди. Келишув 8 нафар Сенат демократларининг республикачилар билан ҳамкорлик қилиши натижасида қабул қилинган.
Бироқ Демократлар партияси қонунни кескин танқид қилди. Улар “Obamacare” дастуридаги солиқ имтиёзлари тугаши натижасида америкаликларнинг тиббий суғурта харажатлари кескин ошишидан хавотирда.
Спикер Майк Жонсон айрим баҳсли моддаларни кейинчалик қайта кўриб чиқишга ваъда берди. Шу билан бирга, Конгрессда Жеффри Эпштейн иши бўйича ФБР ҳужжатларини очиш талаби ҳам кучаймоқда.
Трамп эса чиқишида “Obamacare” фожиа бўлган, биз соғлиқни сақлаш тизимини қайта кўриб чиқамиз,” деб баёнот берган.
Эндиликда Конгресс олдида декабргача муҳим молиявий ва қонунчилик масалаларини ҳал этиш вазифаси турибди.
Маълумот учун, “шатдаун” — бу ҳукумат фаолиятининг вақтинча тўхтатилиши бўлиб, Конгресс бюджетни ўз вақтида қабул қилмаганда содир бўлади. Бу пайтда кўплаб давлат идоралари ёпилади, хизматчилар маошсиз ишлайди ёки таътилга чиқарилади.
2025 йилдаги “шатдаун” 30 сентябрда бошланиб, 43 кун давом этди — бу АҚШ тарихидаги энг узоғи бўлди. Чунки Республикачилар ва Демократлар ўртасида “Obamacare” дастури ва харажатлар бўйича келишмовчилик бўлган. Шунинг учун ҳукумат вақтинча ёпилган, мамлакат иқтисодиётига катта зарар етган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Транспорт вазирлиги ҳукумат ишининг рекорд даражада узоқ вақт тўхтаб қолиши туфайли мамлакатдаги 40 та йирик аэропортда рейслар сонини 10 фоизга қисқартирганди.