Путин Ҳаррисни қўллаб-қувватлади. Трамп бундан хафа
Олам
−
08 Сентябрь
10793Оқ уйнинг собиқ раҳбари, АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан кўрсатилган номзод Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путиннинг ушбу сайловда Демократик партия номзоди Камола Ҳаррисни фаворит сифатида кўриши ҳақидаги гапларидан норозилигини билдирди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
“У Камолани қўллаб-қувватлади. Мен жуда хафа бўлдим. Нима учун президентликка Ҳаррисни лойиқ деб кўраётганига ҳайронман. Ёки киноя билан айтдими? У мени ҳақорат қилдими ёки менга яхшилик қилдими? Очиғи билмайман. Нима бўлганда ҳам ундан ранжидим”, деган Трамп.
Путин Шарқий иқтисодий форумда АҚШ сайловлари ҳақида гапирар экан, Россия номзод сифатида Президент Жо Байденни афзал кўрганини, бироқ у пойгадан чиққанидан кейин унинг вице-президенти Камола Ҳаррис фаворит сифатида қабул қилганини таъкидлади. Шунингдек, Россия Президентининг сўзларига кўра, Ҳаррис янги санкциялардан ўзини тийиши мумкин.
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби журналистлар билан учрашувда Путиннинг бу гапларига муносабат билдирди.
“Путин бизнинг сайловларимиз ҳақида гапиришни бас қилиши керак. Россия Президенти у ёки бу тарзда ҳеч кимга хайрихоҳлик қилмаслиги лозим”, деган Кирби.
Маълумот учун, Байден сайловда Демократик партия вакили бўлиши керак эди, бироқ у 21 июль куни пойгадан чиқишини эълон қилди ва Ҳаррисни маъқуллади. Байден ёки Ҳаррисдан кўра Путин билан дўстона муносабатларга эга бўлган Трамп Республикачилар партиясининг президентликка номзод сифатидаги ишончини қабул қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШдаги келгуси сайловларда демократлардан президентликка номзод, мамлакатнинг амалдаги вице-президенти Камола Ҳаррис 4 сентябрь куни “Fох News” телеканали мезбонлик қилиши керак бўлган сайловолди дебатида қатнашишдан бош тортди. Республикачи Трамп, аввалроқ, Ҳаррис билан сайловда уч раунд дебат ўтказишни хоҳлашини айтган. Трампнинг таклифига кўра, биринчи раунд 4 сентябрь куни “Fох News” телеканалида, 10 сентябрь куни бўлиб ўтадиган иккинчи дебатга ABC телеканали мезбонлик қилиши, учинчи раунд мунозара NBC телеканалида бўлиб ўтиши керак эди. Ҳозирча Ҳаррис фақат 10 сентябрь кунги баҳсда қатнашишга рози бўлди. Бироқ демократлар номзоди 10 сентябрдан кейин қўшимча дебатлар ўтказиш ғоясини муҳокама қилишга тайёрлигини ҳам айтиб ўтган.
LiveБарчаси