Трамп Путиндан сўнг Зеленский билан ҳам қўнғироқлашди

Олам

image

Кеча, 4 июль куни Украина ва АҚШ Президентлари Владимир Зеленский ва Дональд Трамп ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, уни Украина раҳбари “жуда муҳим ва самарали” деб атади. Телефон мулоқоти ҳақида Зеленский ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, мавзулар Украина фронтидаги мавжуд вазият, шунингдек, Россия ҳаво ҳужумлари ҳақида бўлган.

“Биз ҳаво ҳужумидан мудофаа имкониятларини муҳокама қилдик ва осмонимизни ҳимоя қилишни кучайтириш учун биргаликда ишлашга келишиб олдик”, деди у.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари мудофаа саноати ва қўшма ишлаб чиқариш имкониятлари ҳақида “муфассал гаплашиб олган”.

“Биз Америка Қўшма Штатлари билан тўғридан тўғри лойиҳаларга тайёрмиз ва бу хавфсизлик учун, айниқса дронлар ва тегишли технологияларга нисбатан жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз”, деди Владимир Зеленский.

Украина етакчиси телефон суҳбати чоғида Трампни АҚШ Мустақиллик куни билан табриклади, унга Украинани қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди ҳамда “адолатли, мустаҳкам ва муносиб тинчлик”га эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни қайд этди.

Оқ уй ҳали Зеленский ва Трамп ўртасидаги суҳбатга изоҳ бермади. “Axios” мухбири Барак Равиднинг манбасига таяниб хабар беришича, АҚШ ва Украина Президентлари ўртасидаги суҳбат тахминан 40 дақиқа давом этган. Давлат раҳбарлари Россиянинг Украинага зарбаларини кучайгани ва Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш масалаларини муҳокама қилган.
“Der Spiegel”нинг ёзишича, Зеленскийга қўнғироқ қилишдан олдин АҚШ Президенти 4 июль куни эрталаб Германия канцлери Фридрих Мерц билан телефонда гаплашиб, Украина ҳаво мудофааси масаласини муҳокама қилган.

Эслатиб ўтамиз, 3 июль куни Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ раҳбари Дональд Трамп ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтганди. Мулоқотдан сўнг Трамп Путин билан телефон суҳбат чоғида Украинадаги урушни тугатиш масаласида ҳеч қандай муваффақиятга эришмаганини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Украина Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг