Трамп президентлигида Мирзиёев ва бошқа мавқедошларидан олган совғаларни яширганликда айбланди
Олам
−
18 Март 2023
13757Америка Қўшма Штатлари собиқ раҳбари Дональд Трамп президентлик даврида хорижий етакчилардан олган умумий қиймати тахминан 291 минг доллар бўлган юздан ортиқ совғалар ҳақида ҳисобот бермагани аниқланди. Бу ҳақда АҚШ Конгресси Вакиллар Палатасининг назорат бўйича қўмитасидаги демократлар томонидан эълон қилинган ҳужжатда маълум қилинди.
Қайд этилишича, Трампнинг рўйхатдан ўтмаган совғалари орасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ҳадия қилинган баҳоси тахминан 12 минг доллар атрофидаги ипак гилам, Япониянинг собиқ бош вазири Синдзо Абенинг тахминан 3 755 долларлик олтин гольф тўплари бор.
Бундан ташқари, Трамп Сальвадор Президенти Найиба Букеледан ўзининг реал ўлчамда чизилган портретини ҳам олган. Конгрессменлар сурат Трампнинг шахсий мулки сифатида Флоридадаги собиқ АҚШ президенти қароргоҳига юборилган, деб тахмин қилмоқда.
Уларнинг сўзларига кўра, Трамп ва унинг оила аъзолари Америка қонунларида белгиланган меъёрдан қимматроқ совғаларни қабул қилган ва бу ҳақда хабар бермаган ҳамда давлат ҳисобида сақланиши керак бўлган совғаларни ўзлаштириб олган.
Масалан, Трампнинг куёви, тадбиркор Жаред Кушнер Саудия шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмондан баҳоси 24 минг долларгача бўлган ханжар ва 8 800 долларлик иккита қилич тўпламини олган.
Маълумот учун, АҚШдаги хорижий совғалар тўғрисидаги қонун президент ва федерал амалдорларга баҳоси белгиланган қийматдан юқори бўлган чет эл совғаларини ўзида сақлашни тақиқлайди. Ҳозирда бу қиймат 415 долларга тенг.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Конгресси Вакиллар Палатасининг назорат бўйича қўмитасидаги республикачилар Президент Жо Байденнинг оиласи Хитой компаниясидан пул олгани эълон қилган эди.
LiveБарчаси