Трамп Оқ уйга қайтса, АҚШнинг ҳам “Темир гумбаз”и бўлишига ваъда берди

Олам

image

АҚШнинг собиқ етакчиси Дональд Трамп жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида ғалаба қозонса, Исроилдаги “Темир гумбаз”га ўхшаш ракетага қарши мудофаа тизимини мамлакат узра жойлаштириш ниятида. Бу ҳақда у кеча, 23 январь куни Нью-Хэмпширдаги тарафдорлари олдида қилган чиқишида маълум қилди.

"Мен мамлакат устида “Темир гумбаз” – Америкада ишлаб чиқарилган замонавий ракетага қарши мудофаа тизимини қураман. Биз буни бошқа давлатлар учун қиляпмиз, бошқаларга ёрдам беряпмиз, лекин буни ўзимизга раво кўрмаяпмиз", дейди у.

Трампнинг айтишича, АҚШнинг собиқ президенти Роналд Рейган кўп йиллар олдин шундай таклиф билан чиққан, бироқ унинг даврида технология ҳозиргидек ривожланмагани сабаб орзу амалга ошмаган.

“Ҳозирда эса бизда ақл бовар қилмайдиган технологиялар мавжуд", дейди сиёсатчи. 

Унга кўра, АҚШ учун ракетага қарши мудофаа ишлаб чиқариш Нью-Хэмпширда амалга оширилиши мумкин.

Маълумот учун, “Темир гумбаз” ракетага қарши тизими қисқа масофали бошқарилмайдиган ракеталарни тутиб олиш учун мўлжалланган. Унинг ривожланиши 2004 йилда Исроилнинг жанубий шаҳарларини Фаластин гуруҳлари томонидан ишланган “Қассам” ракеталари ёки Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган ракеталар билан ўққа тутилиши муносабати билан бошланган. Israel Aerospace Industries ва Rafael Advanced Defence Systems тизимни ишлаб чиққан. 2011 йил март ойида тизим ишга туширилди ва ўша йилнинг апрель ойида биринчи марта Ғазо секторидан учирилган “Град” ракетасини муваффақиятли тутиб олди. 2020-2021 йилларда турли учувчисиз самолётларни тутиб олиш имкониятига эга бўлган тизимнинг такомиллаштирилган версиясида синовлар ўтказилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Темир гумбаз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг