Трамп Оқ уйда Абдулла II ни қабул қилди (видео)

Олам

image
Трамп араб етакчилари билан учрашади north_east

Трамп араб етакчилари билан учрашади

АҚШ Президенти Дональд Трамп бугун, 11 февраль куни Оқ уйда Иордания подшоҳи Абдулла II ни қабул қилди. Учрашувда Иордания валиаҳд шаҳзодаси Ҳусайн иштирок этмоқда. Бу ҳақда “Fox News” хабар берди.

Абдулла II нинг Вашингтонга ташрифи Президент Трампнинг Ғазони АҚШ назоратига топшириш ва унинг аҳолисига кўчиб ўтишга рухсат бериш ҳақидаги режаси дунё етакчиларининг норозилигига сабаб бўлган пайтга тўғри келди.

Трамп Иордания ва Мисрни кўчирилган фаластинликларни қабул қилишга кўндира олишини таъкидлади. У, шунингдек, фаластинликлар “яхшироқ уй-жойга” кўчирилиши мумкинлигини айтди.

Қайд этиш жоиз, 1948 йилги уруш пайтида 700 минг фаластинлик ўз уйларини ташлаб, қўшни араб давлатлари, жумладан, Иордания, Сурия ва Ливанга кўчиб ўтган, уларнинг кўпчилиги ва уларнинг авлодлари ҳамон қочқинлар лагерларида истиқомат қилишади. Уларнинг бир қисми Ғазога жойлашди.

Исроил уларни мажбуран чиқариб юборилгани ҳақидаги даъволарни кескин рад этади.

Бугунги кунда Иордания, Ливан, Сурия, Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторида 5,6 миллионга яқин фаластинлик қочқинлар – асосан қочиб кетганларнинг авлодлари яшайди.

Трампнинг икки миллионга яқин ғазоликларни кўчириш ҳақидаги таклифига қарши чиққан Иордания Ғазо ва Ғарбий Соҳилдан фаластинликларнинг оммавий қувиб чиқарилишидан хавотирда. Исроилдаги баъзи сиёсатчилар Иордания фаластинликлар учун муқобил яшаш жойига айланиши мумкинлигини таъкидлаб, бу таклифни билдирмоқда.

Шу муносабат билан “Қора сентябрь” деб номланувчи воқеаларни эслаш ўринлидир. 1970 йилда Иордания армияси Фаластин Озодлик Ташкилоти томонидан босиб олинган Иордания ҳудудининг бир қисми устидан назоратни қайта тиклаш мақсадида шу ном остида кенг кўламли ҳарбий операцияни бошлади.

Иорданиянинг ўша пайтдаги қироли Ҳусайн Фаластин гуруҳларининг таъсири кучайиб кетишидан қўрқиб, қуролли кучларни ишга солди. Унинг генераллари танкларни Амманга олиб киришни буюрди. Тахминларга кўра, 3000 дан ортиқ фаластинликлар ўлдирилган, тахминан 20 000 киши Иорданияни тарк этди.

Трампнинг баёнотига жавобан Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос БМТни “Фаластин халқи ва унинг ажралмас ҳуқуқларини ҳимоя қилишга” чақирди.

Исроиллик сиёсатчи Итамар Бен Гвир Оқ уй раҳбарининг таклифини олқишлади. Х медиа платформасидаги постида у Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни таклифни “дарҳол” қабул қилишга чақирди. Ўтган ҳафта Вашингтонга ташрифи чоғида ўтказилган матбуот анжуманида Нетаняху тафсилотларга тўхталмасдан Трампнинг масалага янгича ёндашувини олқишлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Иордания Абдулла II

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг