Трамп оғир жудоликка учради
Олам
−
14 Ноябрь 2023
28231Кеча, 13 ноябрь куни Трампнинг опаси, судья Мэриэнн Трамп Барри 86 ёшида Нью-Йоркда вафот этди. Бу ҳақда “The New York Times” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Барри Манхеттен шаҳрининг Шарқий томонидаги уйида вафот этган. 13 ноябрь куни эрта тонгда уйга полиция чақирилган. Ўлим сабаби очиқланмаган. Трампнинг матбуот котиби воқеа тафсилотларини очиқлашни истамаган.
Маълумот учун, Мэриэнн Трамп Барри 1983 йилдан бошлаб Нью-Жерси штатидаги федерал судья лавозимида фаолият олиб борган. Ўн йил ўтгач, президент Билл Клинтон Баррини Учинчи туман апелляция суди лавозимига кўтарган. У 2019 йилда оиласининг солиқ фирибгарлиги бўйича терговлар пайтида нафақага чиққан.
Манбаларга кўра, АҚШнинг собиқ президенти опаси билан тез-тез учрашиб, суҳбатлашиб турган, бироқ Мэриэннинг Дональд ҳақидаги танқидий фикрлари жамланган аудиоёзувлар пайдо бўлгач, опа-ука ўртасидаги муносабатларга совуқчилик тушган.
Сўнгги бир неча йил ичида Трамп бир нечта жудоликларга учраган. Унинг укаси Роберт 2020 йилда, биринчи рафиқаси Ивана эса 2022 йилда вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрь куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси Болат Назарбоев ҳам вафот этганди.