Трамп митинги ўтказиладиган жой яқинида қуролли шахс қўлга олинди

Олам

image

Калифорниядаги Риверсайд округи шерифининг ўринбосарлари 12 октябрь куни кечқурун Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трампнинг сайловолди ташвиқоти митинги яқинида қуролланган одамни қўлга олди. Калифорния оммавий ахборот воситалари бир кун ўтиб, маҳбус гаров эвазига қўйиб юборилгани ҳақида хабар берди.

Полиция воқеани "эҳтимол тўхтатилган уриниш" деб атади.

Митинг ўтказиладиган жой яқинидаги назорат-ўтказиш пунктида полиция томонидан Вем Миллер деб танилган Калифорния билан қўшни Невада штатида яшовчи 49 ёшли фуқаронинг машинаси тўхтатилган.

“Тинтув чоғида унинг ёнидан ов милтиғи ва тўппонча топилган”, дея ёзади “Los Angeles Times”.

Полиция маълумотларига кўра, қўлга олинган шахсдан ўқланган қурол ва ўқ-дорилар ортилган катта сиғимли магазин мусодара қилинган.

Округ шерифи Чад Бианконинг сўзларига кўра, Миллер ҳибсга олинганида Трамп билан учрашувга сохта VIP таклифнома ва пресс ID тақдим этган. Бундан ташқари, автомашинани кўздан кечириш чоғида турли номдаги бир нечта паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномалари топилган. Автомобиль ҳам рўйхатдан ўтмаган ва давлат рақами "қўлбола ясалган" бўлган. Бянконинг аниқлик киритишича, гумонланувчи 2022 йилда Невада штати Қонунчилик палатаси қуйи палатасига сайловларда иштирок этган, рўйхатга олинган республикачи, шунингдек, ўнг қанот аксил-ҳукумат гуруҳи аъзоси бўлган.

Миллер қурол билан боғлиқ жиноятлар учун вақтинча қамоққа олинган ва тез орада гаров эвазига қўйиб юборилган. 

Миллернинг ҳибсга олиниши республикачи номзод митинг жойига етиб бормасдан олдин содир бўлди. Трампни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган Махфий хизмат собиқ президент ҳеч қандай хавф остида эмаслигини таъкидлади. Гумонланувчи озодликка чиққанидан кейин бир неча америкалик журналист у билан гаплашган. Миллер қотиллик фитнаси айбловларини рад этиб, уларни "бемаънилик" деб атади. Унинг таниши ОАВга айтишича, Миллер, аксинча, Трампнинг ашаддий мухлиси.

Маълумот учун, сайлов кампанияси давомида Дональд Трампга икки марта суиқасд уюштирилди. Биринчи марта у жиддий хавф остида қолди. 13 июль куни Пенсильвания штатининг Бутлер шаҳрида Трамп сайловолди ташвиқоти митингида 20 ёшли маҳаллий фуқаро Томас Мэтью Крукс сиёсатчига қарата ўқ узди. Ўқ сиёсатчининг қулоғига тегиб кетган, Трамп шифохонага ётқизилган ва у ерда даволанган. Отишма оқибатида 50 ёшли митинг иштирокчиси ҳалок бўлди, яна икки киши яраланди. Ҳужумчи хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган. 

Иккинчи уриниш 15 сентябрь куни Флоридадаги гольф клубида содир бўлди. 58 ёшли Райан Уэсли Рут ўша пайтда гольф ўйнаётган Трампга милтиқни панжарадан ўтказди. Тергов давомида прокуратура, унинг фикрича, Трампга режалаштирилган суиқасд фактини тасдиқловчи далилларни тақдим этди. Гумонланувчининг “Дональд Трампга суиқасд уюштиришга уриниш”га ишора қилган хати, шунингдек, Трамп нутқлари саналари ва жойларининг қўлёзма рўйхати топилди.

Ҳужум қилгани тахмин қилинаётган шахс ҳозирча ўз айбини тан олмади. Адвокатлар уни гаров эвазига қўйиб юборишга уриниб кўришди. Уни умрбод қамоқ жазоси кутмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Трампнинг сайловолди кампанияси бўйича жамоаси сайлов кампаниясининг сўнгги ҳафталарида сиёсатчининг парвозлари учун АҚШ маъмуриятидан ҳарбий самолётлар сўраганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг