Трамп инаугурация олдидан митингда қатнашди (фоторепортаж)
Олам
−
13:49
2340Кеча, 19 январь куни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп қасамёд қабул қилишдан олдин охирги марта сайланган президент сифатида Вашингтондаги Capital One аренасида ўзининг ғалабасини нишонлаш, тарафдорларига миннатдорлик билдириш ҳамда келажакдаги мақсад ва устуворликларни белгилаш учун пойтахт аҳолиси билан учрашди ва нутқ сўзлади.
“Эртага тушда Американинг тўрт йиллик таназзулига парда ёпилади ва биз Американинг кучи ва фаровонлиги, қадр-қиммати ва ғурури учун мутлақо янги бобни бошлаймиз. Келинг, ҳаммасини бир марта ва бутунлай қайтариб олайлик”, деди Трамп нутқида.
У, шунингдек, президентлик курсисига ўтириши биланоқ бир қатор фармонларни имзолаши, америкаликларни хурсанд қилишини айтди.
“Ҳаммаси эртага бошланади. Телевизордаги янгиликларни кузатиб роҳатланасиз”, деди у.
Дональд Трамп инаугурацияси олдидан ўзининг сўнгги митингида минглаб одамларга мурожаат қилиб, мамлакатни қайта қуриш ва уни “тўғри йўлга” қайтаришга ваъда берди. У ўзидан олдинги Жо Байден маъмуриятининг барча “аҳмоқона” қарорларини лавозимга киришганидан кейин бир неча соат ичида бекор қилишини айтди. Сўнгги маълумотларга кўра, Трамп биринчи кунданоқ 200 дан ортиқ ҳужжатни, жумладан, ижро фармойишлари ва бошқа фармойишларни имзолаши кутилмоқда.
Митингда америкалик бизнесмен, SpaceX ва Тesla асосчиси Илон Маск ҳам қатнашди ва оломонга қисқача мурожаат қилиш учун ўғли билан саҳнага чиқди.
“Биз ўзгаришларни бошлашни интиқлик билан кутмоқдамиз”, деди Маск.
Трамп нутқида унинг маъмурияти Байден маъмуриятидан ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда фалокатларни, инфляция ва юқори фоиз ставкалари билан ҳолдан тойган иқтисодиётни, Мексика билан чегарадаги инқирозни мерос қилиб олганини айтди.
“Бундай ҳукумат фавқулодда вазиятларда ўз фуқароларига ғамхўрлик қила олмайди. Лос-Анжелесда нима бўлаётганига қаранг. Шимолий Каролинада нималар бўлаётганига назар ташланг. Аммо эртанги кундан бошлаб мен мамлакатимиз дуч келаётган ҳар бир инқирозни ҳал қилиш учун тезлик билан ҳаракат қиламан”, дейди сайланган президент.
У, шунингдек, ўрмон ёнғинлари етказган зарарни баҳолаш учун 24 январь куни Калифорнияга ташриф буюришини айтди.
“Калифорниядаги даҳшатли ўрмон ёнғинларидан жабрланганларнинг барчасига ҳамдардлигимни билдираман. Барчангиз учун дуо қиламиз. Барчангизни яхши кўрамиз. Тез орада борамиз. У ерга бориб, ҳолатни ўз кўзим билан кўраман ва вазиятни нормал ҳолатга қайтаришга ёрдам бераман”, деди у.
Бугун, 20 январь куни Вашингтон шаҳрида АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг мамлакатнинг 47-президенти сифатида инаугурация маросими бўлиб ўтади.
LiveБарчаси