Трамп “Макка келишуви”ни олқишлади

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасида тузилган Макка қўшма мудофаа келишувини “муҳим қадам” деб атади. Бу ҳақда Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.

Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ушбу битимни “катта, жасоратли ва муҳим илк қадам” деб атаган. Унинг фикрича, келишув Яқин Шарқ мамлакатларининг бирлашаётганини кўрсатади ва уларга ўз хавфсизлигини мустақил равишда таъминлаш имконини беради.

“Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ниҳоят Макка қўшма мудофаа келишувини имзолаганини кўриб жуда хурсандман”, деб ёзган Трамп.

Ушбу пакт уч давлат ўртасидаги узоқ муддатли хавфсизлик ҳамкорлигини расман мустаҳкамлайди ҳамда НАТО тамойилларига ўхшаш жамоавий мудофаа механизмини яратади.

“Бу Яқин Шарқ қандай қилиб бирлашаётганини ва мамлакатлар ниҳоят ўзларини янада самарали ҳимоя қила олишини кўрсатади”, деган АҚШ Президенти.

Мазкур келишув жорий йилнинг 7 август куни Маккада Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф томонидан имзоланган эди. Ҳужжатга кўра, уч давлатдан бирига қилинган қуролли ҳужум барчасига қилинган ҳужум сифатида баҳоланади.

Билдирилишича, пакт Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш, қўшма машғулотлар ўтказиш ҳамда мудофаа саноати соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришни назарда тутади. Покистон Ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дор ушбу келишув бошқа давлатларга қарши қаратилмаганини ва минтақадаги бошқа мамлакатлар учун ҳам очиқ эканини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон томонидан имзоланган ўзаро мудофаа тўғрисидаги Макка келишуви уч давлатнинг стратегик иродаси намунаси бўлиб, бирор давлатга қарши қаратилган эмаслигини билдирган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг