Трамп қудасини юқори лавозимга тайинлади

Олам

image

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўзининг қудаси Массад Булосни Яқин Шарқ масалалари бўйича маслаҳатчи қилиб тайинлади. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social платформасидаги саҳифасида маълум қилди.

Маълумотга кўра, миллиардер тадбиркор Массад Булос Оқ уйнинг Араб ва Яқин Шарқ масалалари бўйича катта маслаҳатчиси лавозимини эгаллайди. Трамп унинг моҳир ҳуқуқшунос ва халқаро майдонда катта тажрибага эга экани, бизнес оламида етакчи роли борлиги ҳақида таъкидлаган.

“У узоқ вақтдан бери республикачилар ва консерватив қадриятлар тарафдори бўлиб, менинг сайлов кампаниямга катта фойда келтирган ва Араб-Америка жамоаси билан янги улкан иттифоқлар тузишда ҳал қилувчи роль ўйнаган”, деган Трамп.

Шунингдек, у Массаднинг Яқин Шарқдаги тинчлик тарафдори экани, Қўшма Штатлар ва унинг манфаатлари учун кучли ҳимоячи бўлишига ишонч билдирган.

Сайлов кампаниясининг якуний босқичида Булос Трамп билан бирга араб-америкаликлар таянчи бўлган Мичиган штатининг Дирборн шаҳрида сайловолди тадбирларда иштирок этган. Трамп Булосни Мичиган штатини демократлардан республикачилар фойдасига ўзгартиришга кўрсатган ёрдами учун миннатдор бўлган.

Маълумот учун, Массад Булос Трампнинг куёви Майкл Булоснинг отаси бўлиб, у асли Ливанда туғилган. У ҳозирги кунда Нигерияда жойлашган Boules Enterprises компаниясини бошқаради. Мазкур компания механик ускуналар ва мотоциклларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш билан шуғулланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича ўзининг махсус вакили лавозимига истеъфодаги генерал-лейтенант Кит Келлогни номзод сифатида кўрсатганди. 80 ёшли Келлог номзоди ҳали ҳам АҚШ Сенати томонидан тасдиқланиши керак, бироқ республикачилар Конгресснинг юқори палатасида кўпчилик ўринни қўлга киритганини ҳисобга олсак, Трампнинг йўлида ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги керак.

Моҳинур Каримова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг