Трамп илк бор Киевга НАТОга ўхшаш кафолат таклиф қилди – “Axios”
Олам
−
21 Ноябрь 2025 3828 4 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Украина бўйича тинчлик режаси Киевга хавфсизлик кафолатларини ҳам ўз ичига олади. Ушбу кафолатлар НАТО шартномасининг 5-моддаси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, АҚШ ва Европа иттифоқчиларини Украинага қилинган ҳар қандай ҳужумни бутун “трансатлантика ҳамжамияти”га қилинган ҳужум сифатида кўриб чиқишга мажбур қилади. Бу ҳақда ўзи қўлга киритган ҳужжатга таяниб, бугун, 21 ноябрь куни “Axios” портали хабар берди.
Маълумотларга кўра, ушбу ҳужжат кеча, 20 ноябрь куни АҚШ қуруқлик қўшинлари (Армияси) вазири Дэниел Дрисколл Украина Президенти Владимир Зеленскийга тақдим этган 28 моддадан иборат режани тўлдиради.
Нашрнинг ёзишича, янги ҳужжат Украинадан “оғир бартерлар”ни талаб қилади, бироқ шу билан бирга “мутлақо прецедентсиз ваъдани” ҳам ўз ичига олади. Зеленскийнинг тинчлик музокараларидаги асосий мақсади – АҚШ ва Европадан ишончли хавфсизлик кафолатларини олиш. “Axios”нинг таъкидлашича, бу биринчи марта Оқ уй раҳбари томонидан бундай кафолатларни таклиф қилишга тайёрлик билдирилишидир.
Украина учун янги кафолатлар ҳужжати
28 банддан иборат дастлабки келишувда “Украина ишончли хавфсизлик кафолатларини олади” деган умумий баёнот бор эди, аммо батафсил маълумотлар берилмаган. “Axios” қўлига тушган яна бир лойиҳага кўра, Россия томонидан Украинага нисбатан ҳар қандай келажакдаги “сезиларли, қасддан ва узоқ давом этувчи қуролли ҳужум” НАТО ва трансатлантик ҳамжамият хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳоланади.
Матнда айтилганича, АҚШ ва унинг иттифоқчилари бу ҳолатга ҳарбий куч ишлатишни ҳам ўз ичига олган тарзда жавоб беришга тайёр. Хавфсизлик кафолатлари 10 йил амал қилади ва ўзаро келишувга кўра узайтирилиши мумкин. “Axios” манбаси таъкидлашича, бу таклиф ҳали Европа ҳамкорлари билан муҳокама қилинади ва унга ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Янги ҳужжатда Украина, АҚШ, ЕИ, НАТО ва Россия имзоси учун жой қолдирилган. Оқ уйининг юқори мартабали расмийсининг маълум қилишича, Россия бу ҳақида хабардор қилинган, аммо охир-оқибат Владимир Путиннинг имзоси талаб этиладими-йўқми – ҳали аниқ эмас.
Бугун, 21 ноябрь куни Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Москвага Зеленскийнинг тинчлик режаси бўйича музокара ўтказишга тайёрлиги ҳақида ҳеч қандай ахборот берилмаган.
Уиткофф Умаров билан хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилди
“Axios” манбасига кўра, Трамп маъмурияти таклиф этилаётган хавфсизлик кафолатини Зеленский ва Украина учун узоқ муддатли хавфсизлик борасида “катта ютуқ” деб баҳоламоқда.
АҚШ Президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф 28 банддан иборат режа устида ишни бошқараётган шахс сифатида ўтган дам олиш кунлари (15–16 ноябрь) Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустам Умаров билан таклиф этилган кафолатларни муҳокама қилган. “Axios”нинг ёзишича, 20 ноябрь куни ушбу кафолатлар ёзма равишда Зеленскийга топширилган.
28 банддан иборат тинчлик режаси
AFP агентлигининг кеча, 20 ноябрь куни эълон қилган хабарига кўра, Украина Трамп маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган 28 бандли янги тинчлик режаси доирасида Россияга маълум имтиёзлар беришга мажбур бўлиши кутилмоқда. Режанинг 2-бандида Украина, Россия ва ЕИ “кенг қамровли ҳужум қилмаслик тўғрисидаги келишув”ни имзолайди, сўнгги 30 йилдаги барча низоли масалалар ҳал қилинган деб ҳисобланади, дейилган.
Режага кўра, Қрим яримороли, Донецк ва Луганск ҳудудлари де-факто Россияники, деб тан олинади. Херсон ва Запорожье минтақалари эса фронтнинг ҳозирги чизиғи бўйича Украина ва Россия ўртасида бўлиниши керак. Ҳар икки давлат келгусида куч ишлатиб чегараларни ўзгартирмаслик мажбуриятини олади. НАТО қўшинлари Украина ҳудудига жойлаштирилмаслиги лозим.
Ушбу тахминий Трамп режасига мувофиқ, Украина тикланиши учун АҚШ ва Европа маблағ ажратади. Шунингдек, Россиянинг 100 миллиард долларлик музлатилган активлари ҳам шу мақсадда сарфланади. Ҳужжатга кўра, Россияга қўйилган халқаро санкциялар босқичма-босқич бекор қилинади ва Москва–Вашингтон ўртасида узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланади.
AFP маълумотига кўра, режада тинчлик шартномаси имзоланган заҳоти ўт очишни тўхтатиш ва “ҳаммани ҳаммага” форматида ҳарбий асирлар алмашинуви назарда тутилган. Келишув бажарилишини назорат қилишни Дональд Трамп раҳбарлигидаги “тинчлик кенгаши” амалга оширади.
Live
Барчаси