Трамп G7 саммитида Исроилни кескин танқид қилди
Олам
−
14:01 1375 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроилнинг Ливандаги ҳарбий амалиётларини танқид қилиб, “Ҳизбуллоҳ” жангчиларини йўқ қилиш учун тураржой биноларини бомбардимон қилиш ортиқча эканини билдирди. Трамп бу ҳақда Францияда ўтаётган G7 саммити доирасида сўзлаган нутқида маълум қилди.
“Жуда кўп одамлар ҳалок бўлди. Бир одамни қидираётганингиз учун ҳар сафар кўп қаватли уйни вайрон қилиш шарт эмас. Чунки у ерда кўплаб одамлар яшайди ва уларнинг ҳаммаси ҳам “Ҳизбуллоҳ” аъзоси эмас”, дейди Трамп.
Сўнгги кунларда Трамп Байрутга қилинган Исроил зарбаларидан норози эканини бир неча бор билдирган. Унинг фикрича, мазкур ҳужумлар АҚШ ва Эрон ўртасида эришилган тинчлик келишувига хавф туғдириши мумкин бўлган.
Хабарларга кўра, Трамп ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўртасидаги муносабатларда ҳам сўнгги вақтларда таранглик кучайган. Исроил расмийлари Трампнинг Эрон билан тузган келишувидан норози бўлса, АҚШ Президенти эса Байрутга қилинган зарбалар сабаб Эроннинг қарши ҳужумлари бошланганидан ва бу унинг тинчлик музокараларини якунлаш режасига халақит берганидан норозилик билдирмоқда.
Трамп Нетаньяху билан муносабатлари яхши эканини айтган бўлса-да, Исроил раҳбарини Ливан масаласида “кўпроқ масъулиятли бўлишга” чақирган.
“Бизсиз, Америка Қўшма Штатларисиз Исроил бўлмас эди. Менсиз ҳам Исроил бўлмас эди, чунки бошқа ҳеч бир президент мен қилган ишларни қилишга тайёр эмасди”, дейди у.
Трамп ва Нетаньяху ўртасидаги келишмовчиликлар асосан Исроилнинг Ливанда “Ҳизбуллоҳ”га қарши амалиётларни чеклашдан бош тортаётгани билан боғлиқ. Ливанда ўт очишни тўхтатиш Эроннинг асосий талабларидан бири ҳисобланади.
Трампнинг баёнотидан кўп ўтмай, Оқ уйнинг расмий саҳифаси мазкур фикрлар акс этган видеони эълон қилган. Бироқ Оқ уй бу парча нима учун алоҳида тарқатилганига изоҳ бермаган. Шу билан бирга, Оқ уй Трамп ва Нетаньяху ўртасида мустаҳкам муносабатлар сақланиб қолаётганини таъкидлаб, Исроил Мудофаа кучларини АҚШнинг “ажойиб ҳамкори” деб атаган.
“Президент Трампдан кўра Исроилнинг яқинроқ дўсти ва тинчлик учун кўпроқ курашган раҳбар бўлмаган. АҚШ ва Исроилнинг қатъий ҳаракатлари туфайли Америка фуқаролари ва иттифоқчилари хавфсизроқ бўлди, чунки Эрон режими ядровий қурол яратиш имкониятидан маҳрум этилди”, дейди Оқ уй вакили.
Айни пайтда Трампнинг танқидий баёнотлари Исроилни ҳарбий тактикасини ўзгартиришга мажбур қиладиган аниқ сиёсий қарорларга айланиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Исроил Ғазодаги ҳарбий амалиётлари учун халқаро ҳамжамият томонидан ҳам қаттиқ танқид қилиб келинмоқда. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён 73 минг киши ҳалок бўлган бўлиб, уларнинг аксарияти тинч аҳоли ҳисобланади.
Исроил эса тинч аҳолини атайлаб нишонга олмаслигини таъкидлаб, ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” каби қуролли гуруҳлар аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланишини билдириб келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашув ташкил этишга шошилинч уринишлар қилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси