Трамп Фаластиннинг тан олинишини эълон қилиши мумкин – ОАВ
Олам
−
10 Май 5062 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган саммитда Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишини эълон қилиши мумкин. Бу ҳақда Форс кўрфази давлатларидан бирининг дипломатик манбасига таяниб, “The Media Line” нашри хабар берди.
“Президент Дональд Трамп Америка томонидан Фаластин давлатини тан олишга оид декларация билан чиқади”, деди манба.
Унинг сўзларига кўра, Трамп, шунингдек, ҲАМАС иштирокисиз Фаластин давлати тузилиши ҳақида ҳам баёнот беради ва бу Яқин Шарқдаги кучлар мувозанатини ўзгартирадиган энг муҳим декларациялардан бири бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Дональд Трамп 13-16 май кунлари Яқин Шарққа сафар уюштириши кутилмоқда. Сафар доирасида у Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюради. “Axios”га кўра, Трамп Саудия Арабистонида бир қатор давлат раҳбарлари билан учрашув ўтказишни режалаштирмоқда.
Ушбу тадбир Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг таклифи билан бўлиб ўтади. Учрашувда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар, яъни Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар, Қувайт, БАА ва Уммон етакчилари иштирок этиши мумкин. Мазкур учрашув 14 май куни ўтказилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара мазкур ташриф доирасида Дональд Трамп билан учрашишни истаётгани хабар қилинган эди.
Live
Барчаси