Аш-Шара Трамп билан учрашмоқчи – WSJ
Олам
−
08 Май 4529 2 дақиқа
Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашишни истаяпти. Бу ҳақда Сурия ҳукумати вакилларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашрга кўра, учрашувдан мақсад Сурияни қайта қуриш бўйича Америка ва бошқа Ғарб компаниялари Хитой ва бошқа кучлар рақобатидан устун бўладиган режаларини баҳам кўриш.
Маълумотларга кўра, ўтган ҳафта Трамп тарафдори бўлган АҚШнинг Argent LNG газ компанияси бош директори Жонатан Басс Дамашққа парвоз қилган. У ерда Аҳмад аш-Шарага Ғарб компаниялари ҳамда янги тузилаётган Сурия миллий нефть ширкати иштирокида мамлакат энергетика ресурсларини қазиб олиш режасини тақдим этган. Басснинг сўзларига кўра, агар санкциялар юмшатилса, Аҳмад аш-Шара бу фикрни ижобий қабул қилади.
“Сурия янги даврда АҚШ билан ўзаро манфаатлар ва ҳамкорликка асосланган мустаҳкам стратегик муносабатлар ўрнатишни истайди. Бунга энергетика ва бошқа иқтисодий соҳалар ҳам киради. Дамашқ Вашингтоннинг муҳим ва таъсирли иттифоқчисига айланишни орзу қилади”, деган Сурия ташқи ишлар вазирлигининг юқори лавозимли амалдори.
Манбаларга кўра, Аҳмад аш-Шара Оқ уйга хабар йўллаб, Трампнинг 13-16 май кунлари Яқин Шарққа қиладиган сафари чоғида учрашув ўтказишни сўраган.
Маълумот учун, Дональд Трамп 13-16 май кунлари Яқин Шарққа сафар уюштириши кутилмоқда. Сафар доирасида у Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюради. “Axios”га кўра, Трамп Саудия Арабистонида бир қатор давлат раҳбарлари билан учрашув ўтказишни режалаштирмоқда.
Ушбу тадбир Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг таклифи билан бўлиб ўтади. Учрашувда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар, яъни Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар, Қувайт, БАА ва Уммон етакчилари иштирок этиши мумкин. Мазкур учрашув 14 май куни ўтказилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Қўшма Штатларда тил меъёри ўзгаришини эълон қилиб, Форс кўрфазини Араб кўрфази деб аташни таклиф қилмоқчи экани хабар қилинганди.
Live
Барчаси