Трамп фаластинликларни ҳурмат қилиши керак – Макрон

Олам

image

Франция Президенти Эммануэль Макрон АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ғазоликларни оммавий депортация қилиш режасини қоралаб, фаластинликларни ҳурмат қилишга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 11 февраль куни CNN телеканалига берган интервьюсида сўз очган.

Франция раҳбари Трампнинг Ғазо секторига узоқ муддат эгалик қилиш ва аҳолини кўчириш ташаббусига қарши чиққан.

“Ғазо чўл ҳудуди эмас, балки икки миллион одам яшайдиган ва қолишни истайдиган ер. Икки миллион одамга энди кўчиш керак, деб айта олмайсиз. Тўғри ёндашув кўчмас мулк масаласи эмас, балки сиёсий жараёндир”, деган Франция раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Ғазо сектори учун “Фаластин халқининг ўз давлатига эга бўлиш истагини ҳурмат қиладиган” сиёсий ечим топиш зарур. У, шунингдек, Миср ва Иордания суверенитетини ҳам ҳурмат қилишга чақирган.

“Иордания ва Мисрнинг минтақадан кўп сонли қочқинларни қабул қилишни истамаслигини ҳурмат қилишимиз керак”, деган Макрон.

Шунингдек, Франция етакчиси Исроилнинг Ғазо ва Ливанда амалга ошираётган ҳарбий амалиётларидаги сиёсий хатти-ҳаракатларини очиқчасига қоралаган.

“Мен ҳар доим Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан ҳамфикр эмаслигимни айтганман. Тинч аҳолига зарар етказадиган бундай операция ҳар доим ҳам тўғри эканига ишонмайман”, дея қўшимча қилган Макрон.

Маълумот учун, Франция 2024 йил октябрь ойида Исроил армиясига қурол экспортини тўхтатиб, бошқа давлатларни ҳам шундай йўл тутишга чақирганди. Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти маълумотларига кўра, Франция сўнгги йилларда Исроилга ҳеч қандай йирик қурол экспорт қилмаган, аммо қурол учун бутловчи қисмлар етказиб берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эммануэль Макрон АҚШнинг Европа Иттифоқи товарларига божлар жорий этилиши инфляциянинг ошишига олиб келиши билан Америка иқтисодиётига зарар этказиши мумкинлиги ҳақида гапирганди. У Вашингтонни Европа Иттифоқи билан савдо урушини бошлаш ўрнига Хитой, Яқин Шарқдаги инқироз ва Украинадаги урушга қарши туришга эътибор қаратишга чақирганди.

Бунёд Келдибоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Франция Дональд Трамп Эммануэль Макрон Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг