Трамп Эрондан сўзсиз таслим бўлишни талаб қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан музокаралар олиб боришни истамаслигини ва мамлакат бутунлай таслим бўлишини кутаётганини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.

“Агар улар гаплашмоқчи бўлсалар, мен билан қандай боғланишни билишади. Улар стол устидаги келишувни қабул қилишлари керак эди – бу кўп одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган бўларди!” дейди Америка етакчиси.

Бунгача Америка раҳбари Эрон ҳаво ҳудуди устидан тўлиқ назорат ўрнатилганини эълон қилган эди.

“Эронда яхши радарлар ва бошқа мудофаа ускуналари бор ҳамда улар жуда кўп эди, аммо бу Америка Қўшма Штатларида ишлаб чиқарилган ускуналарга тенг келмас эди”, деб ёзган Трамп.

Трамп, шунингдек, АҚШ Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг қаерда яширинаётганини билишини айтди. У уни “осон нишон” деб атаган, аммо Али Хоманаий ҳозир хавфсиз эканини қўшимча қилган.

“Биз уни йўқ қилмоқчи эмасмиз (ўлдирмаймиз), ҳеч бўлмаганда ҳозирча”, деб ёзади у.

Бундан ташқари, Трамп Эрон ядро дастури билан боғлиқ вазиятни ҳал қилиш учун Теҳрон ядровий қурол яратиш қобилиятидан бутунлай воз кечиши кераклигини айтди. У Эрон ядро қуролига эга бўлишга “жуда яқин” эканини билдирди. Оқ уй раҳбари Эроннинг ядровий дастурини АҚШ аралашуви зарур бўлишидан анча олдин “йўқ қилиш” мумкинлигига умид билдирди.

Трампнинг айтишича, Исроил Эронга ҳужумларини секинлаштирмайди.

“Бу ҳақда яқин кунларда билиб оласиз”, дейди у.

У, шунингдек, Эрон билан музокаралар олиб бориш учун АҚШ махсус элчиси Стив Уиткофф ёки вице-президент Жеймс Дэвид Вэнсни юбориш эҳтимолини кўтарди. У Теҳронни минтақадаги АҚШ қўшинларига зарба беришдан огоҳлантирди ва агар ҳужумга учраса, қаттиқ жавоб беришни ваъда қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Исроилнинг мамлакатга қарши операцияси бошланганидан бир неча соат ўтиб ерости бункеридан паноҳ топгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп ядровий қурол Эрон-Исроил Стив Уиткофф Капитуляция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг