Трамп Эрон иккинчи Ливияга айланишидан қўрқади – NYP

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронга зарба беришда эҳтиёткор, чунки бу мамлакатда Ливия сценарийси такрорланишидан қўрқади. Бу ҳақда кеча, 19 июнь куни манбаларига таяниб, “The Nerw York Post” (NYP) газетаси хабар берди.

Улардан бирига кўра, Трамп “бу Ливияга айланишини истамайди”.

“Трамп Ливия ҳақида гапираётганининг иккита сабаби бор. Биринчидан, биз [мамлакат раҳбари Муаммар] Қаддафийга қилганимиздан кейин бошланган тартибсизлик. Иккинчидан, Ливияга аралашув Шимолий Корея ва Эрон каби давлатлар билан музокаралар ва келишувларни мураккаблаштирди”, дейди Трампнинг Эрон ва Ливияни солиштирганини шахсан эшитган газета манбаси.

“The Nerw York Post” газетасининг ёзишича, Трамп Эроннинг Натанз ва Фордодаги ядровий иншоотларига чекланган зарбалар беришга мойил.

“Ливия анча кенгроқ бомбардимон қилинди, бу эса режим ўзгаришига олиб келди”, деди газета манбаларидан бири.

2011 йилда мамлакат раҳбари Муаммар Қаддафий ағдарилиб, ўлдирилганидан буён Ливия ягона давлат сифатида фаолият юритишни тўхтатди. Сўнгги йилларда мамлакат ғарбидаги Триполи ҳукумати билан шарқда Ливия миллий армияси томонидан қўллаб-қувватланган расмийлар ўртасида қарама-қаршилик кузатилган.

2021 йилда Женевада БМТ бошчилигидаги Ливия сиёсий мулоқот форуми ҳали ўтказилмаган умумий сайловларгача ўтиш даври ижроия органини сайлади. Ҳозирда Ливияда бир-бирини тан олмайдиган икки ҳукумат мавжуд. Биринчиси – БМТ томонидан қўллаб-қувватланган ва Абдел Ҳамид Дбеибаҳ бошчилигидаги – Триполида жойлашган. Усама Ҳаммад бошчилигидаги иккинчиси дастлаб Бенғозида жойлашган бўлиб, кейин Сиртга кўчиб ўтди.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху “Кан” давлат телеканалига берган интервьюсида Эрон ҳукуматини ағдариш яҳудий давлати операциясининг мақсади эмас, балки унинг натижаси бўлиши мумкинлигини айтди. У, шунингдек, Исроил Мудофаа вазири Исроил Кацнинг Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг “мавжудлигининг тугаши” операция мақсадларидан бири эканини тан олган баёнотларига шундай изоҳ берди. Нетаньяхунинг сўзларига кўра, у “Эронда ҳеч ким Исроил ҳужумларидан ҳимояланмаслиги ҳақида кўрсатма берган”.

Эслатиб ўтамиз, Оқ уй матбуот котиби Кэролин Ливитт АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан музокара ўтказиш эҳтимоли юқорилиги сабабли икки ҳафта ичида Эрон бўйича (ҳужум қилиш ёки қилмаслик) қарор қабул қилишини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Ливия Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг