Трамп Эрон билан келишувни, Испания билан эса савдони тўхтатишни буюрди
Олам
−
08 июл 3004 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан можарони тугатиш бўйича имзоланган англашув меморандуми “тугагани”ни айтди ҳамда Теҳрон билан музокараларни давом эттиришни истамаслигини билдирди. Бу ҳақда у Анқарада ўтаётган НАТО саммитида журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
Трамп, шунингдек, АҚШ Молия вазири Скотт Бессентга Испания билан савдо алоқаларини тўхтатиш бўйича топшириқ берганини айтиб, Мадридни НАТОдаги “ёмон шерик” деб атаган.
“Бу жуда қизиқ савол. Менимча, ҳаммаси тугади. Мен улар билан ишлашни истамайман. Улар разил одамлар. Улар касал одамлар ва уларга касал одамлар раҳбарлик қилмоқда. Мен учун улар билан ишлашга вақт сарфлашнинг ҳеч қандай маъноси йўқ”, деган Трамп Эрон билан август ўрталаригача узоқ муддатли тинчлик келишувини ишлаб чиқишни назарда тутган вақтинчалик келишув ҳақидаги саволга жавобан.
Шунингдек, Вашингтон ва Мадрид ўртасида ҳам кескин келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда. Испания Европа давлатлари мудофаа харажатларини кескин ошириши ҳақидаги Трамп талабларини очиқчасига рад этган.
“Испания – умидсиз ҳолат. Биз энди Испания билан ҳеч қандай савдо қилмоқчи эмасмиз. Қолаверса, мен буни тўлиқ тўхтатишни истайман. Испания НАТОдаги жуда ёмон шерик. Улар иштирок этмайди, тўламайди. Мен Испания билан ҳеч қандай алоқани истамайман. Испания билан барча савдони, ҳатто ташрифларни ҳам тўхтатинг”, деган Трамп.
Бунга жавобан Испания Бош вазири Педро Санчес девони Трампнинг баёнотларини “одатий ҳолат” сифатида баҳолаётганини билдирган. Девонга кўра, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳар икки томон учун ҳам манфаатли ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бугун, 8 июль куни АҚШнинг Эронга берган янги зарбаларидан сўнг Баҳрайн ва Қувайтдаги АҚШ ҳарбий объектларига ракета ва дронлар билан ҳужум қилганди.
Live
Барчаси