Трамп Байденнинг Афғонистон бўйича қарорини танқид қилди
Олам
−
19 Апрель 2021
4796АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Президент Жо Байденнинг шу йил 11 сентябрга қадар Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқиш тўғрисидаги қарорини танқид қилди. Бу ҳақда Трампнинг баёнотига асосланиб "Newsweek" хабар бермоқда.
"Мен истардимки, Жо Байден 11 сентябрни Афғонистондан қўшинларимизни олиб чиқиш санаси сифатида ишлатмасин", деган Трамп.
Унинг сўзларига кўра, ушбу санадан фойдаланиш нотўғри бўлишининг иккита сабаби бор. Экс-президент қўшинларни Афғонистондан олдинроқ олиб чиқиш мумкин деб ҳисоблайди.
Шунингдек, у президентлик даврида АҚШ қўшинларининг Афғонистондан муддатидан олдин чиқиб кетиши учун шароит яратганини, яъни, анжомларнинг муҳим қисмини олиб ташлагани ва ҳарбий хизматчилар сонини 16 минг кишидан икки мингга ҳам етмайдиган кишига камайтирганини айтган.
Бундан ташқари, Трамп 2001 йил 11 сентябрдаги теракт "жуда ачинарли воқеа" эканини ва ушбу сана ҳарбийларнинг ўз ватанига қайтишидаги хурсандчилигини йўққа чиқаришини таъкидлаган.
Маълумот ўрнида, 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилганди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувларга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди.
Бироқ, жорий йил январь ойида АҚШнинг янги Президенти Жо Байден маъмурияти “Толибон” билан тузилган шартномани қайта кўриб чиқиш ниятида эканини эълон қилди.