Трамп барча фуқароларига 2 минг доллардан беришни ваъда қилди 

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп божхона божлари орқали мамлакат олган даромадлардан деярли барча америкаликларга 2 минг доллардан тўлаб беришни ваъда қилди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари Truth Social тармоғида ёзиб қолдирди. 

Унинг айтишича, фақат юқори даромадга эга бўлган фуқаролар бу пулларни олмайди. Трамп, шунингдек, ўз постида божлар сиёсатига қарши чиқаётганларни “аҳмоқ” деб атаган. Унга кўра, АҚШ божхона тўловлари орқали триллионлаб доллар ишлаб олмоқда ва шунингдек, 37 триллион долларлик давлат қарзини ҳам яқин орада тўлаб юборади. 

“Тарифларга қарши одамлар – АҲМОҚЛАР! Ҳозир биз дунёдаги энг бой ва ҳурматга сазовор мамлакатмиз, инфляция деярли нолга тенг, фонд бозори рекорд кўрсаткичларга эга. Биз триллионлаб доллар оламиз ва тез орада 37 триллион долларлик улкан қарзимизни тўлашни бошлаймиз. АҚШда рекорд даражадаги инвестициялар кузатилмоқда, ҳамма жойда завод ва фабрикалар қурилмоқда. Ҳар бир кишига (юқори даромадли одамларни ҳисобга олмаганда!) камида 2000 доллар дивиденд тўланади”, деган Трамп.

Трамп божларни киритишдан асосий мақсад сифатида АҚШ йиллар давомида яқин ва узоқ давлатлар томонидан “талангани ва иқтисодий жиҳатдан эксплуатация қилинганини” таъкидлаган. 

Жорий йилнинг апрель ойида АҚШ 211 давлат ва ҳудуддан импорт қилинадиган маҳсулотларга божлар жорий қилди. Улардан 86 таси учун бож ставкалари 11–50 фоизгача кўтарилди, қолган кўпчиликка эса 5 апрелдан бошлаб 10 фоизлик базавий бож қўлланилди. Трампнинг айтишича, шу чоралар натижасида АҚШ кунига 2 миллиард долларгача даромад кўра бошлаган.

Август ойида Трамп яна янги қарор имзолаб, импорт божлари бўйича қўшимча чоралар кўрди. Аксарият давлатлар учун бож ставкаси 10–15 фоиз этиб белгиланган бўлса, Сурия, Лаос, Мьянма, Швейцария ва баъзи бошқа давлатлар учун энг юқори тарифлар киритилди. 

Шу билан бирга, АҚШ бож ставкаларини камайтириш бўйича фаол савдо битимлари тузишни бошлади. Буюк Британия, Европа Иттифоқи, Жанубий Корея, Япония, Филиппин, Вьетнам ва Индонезия билан имзоланган келишувларга кўра, уларнинг бож ставкалари 15–20 фоизгача пасайтирилди, бунинг эвазига улар АҚШга катта сармоялар киритиш, Америка маҳсулотлари ва энергия ресурсларини харид қилиш, сиёсий ҳамкорлик ва мудофаа йўналишида яқиндан ҳамкорлик қилишга рози бўлган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 ноябрь кунидан бошлаб Хитой АҚШ товарларига қўшимча 24 фоизлик божни бир йилга тўхтатиши ҳақида хабар берилганди. Бу қарорга Си Цзиньпин ва Дональд Трампнинг Жанубий Кореяда музокаралари орқали эришилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Оқ уй божхона божлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг