Трамп АҚШда TikTok тақиқланишига қарши чиқмоқчи
Олам
−
13 Ноябрь
1206Сайловолди кампанияси давомида TikTok’ни ҳимоя қилишга ваъда берган Дональд Трамп АҚШда уни тақиқлаш режасига қарши чиқмоқчи. Бу ҳақда “The Washington Post” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, Трамп TikTok’нинг кўлами ва қамровини қадрлайди. У подкастлар ва оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда сайловларда ғалаба қозониш учун ундан моҳирона фойдаланган. Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Келлиэнн Конуэйга кўра, Хитойни жавобгарликка тортишнинг кўплаб усуллари мавжуд. Хусусан, Трамп демократлар ёнувчи автомобиллар, ментолли тамаки, электрон сигареталар ва TikTok’ни тақиқламоқчи бўлганидан хабардор.
Бўлажак АҚШ президенти ҳали TikTok’га нисбатан қандай қарор қабул қилишини ошкор этмаган бўлса-да, унинг атрофидагилар ижтимоий тармоқни ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатлар қилишини кутмоқда.
Маълумот учун, жорий йил 24 апрелда АҚШ Президенти Жо Байден TikTok’ни мамлакатда тақиқлаш ҳақидаги қонунни имзолаган. Ушбу қонун ByteDance компаниясидан TikTok бизнесини 270 кун ичида, яъни 2025 йил 19 январгача АҚШда сотишни талаб қилади.
АҚШ ҳукумати TikTok фойдаланувчилари ҳақидаги маълумотларнинг Хитой ҳукуматига узатилиш эҳтимоли туфайли ушбу иловани миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўради. Аммо ByteDance бундай маълумотларни Хитой ҳукумати талаб қилса ҳам бермаслигини ваъда қилган.
TikTok’нинг эгаси бўлган ByteDance Байденнинг тақиқини ноқонуний деб ҳисоблайди ва қарорни апелляция қилиш орқали бекор қилишга ҳаракат қилмоқда. Суд жараёнлари узоқ давом этиши сабабли Трампда TikTok’ни ҳимоя қилиш учун кўпроқ вақт бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ TikTok ва унинг бош компанияси ByteDance АҚШ ҳукуматини судга бериб, Президент Жо Байден томонидан имзоланган тақиққа қарши чиқишга урингани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси