Трамп АҚШ разведка раҳбарини Москвага яширинча юборган – WSJ
Олам
−
12:44 754 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Жон Рэтклиффни Москвага махфий сафарга шахсан ўзи юборгани маълум бўлди. Бу ҳақда америкалик амалдорларга таяниб “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Рэтклиффнинг Россияга дипломатик миссияси “шу қадар нозик” бўлганки, ҳатто Оқ уйнинг айрим юқори мартабали ходимлари ҳам бу ҳақда олдиндан билмаган.
Айрим европалик амалдорларнинг айтишича, МРБ раҳбарининг Москвага яширин ташрифи ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгач, улар зудлик билан сафар тафсилотларини аниқлашга киришган.
Аввалроқ, Рэтклифф жорий йилнинг 25 август куни Москвага НАТО давлатларига ҳужум қилиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантириш учун боргани ҳақида хабар берилган эди.
Бироқ Трамп бу маълумотни рад этиб, МРБ раҳбарининг ташрифи оддий иш сафари бўлганини айтган.
Шунингдек, ТХР раҳбари ҳам Сергей Наришкин Рэтклифф билан учрашганини тасдиқлаганди. Унинг айтишича, у “деярли ҳар ҳафта” дунёнинг турли қитъаларидаги разведка хизматлари раҳбарлари билан учрашиб туради.
Трампнинг таъкидлашича, Рэтклифф Россия Ташқи разведка хизмати (ТХР) раҳбари Сергей Наришкин билан “ҳар олти ойда ёки йилига бир марта” учрашиб туради ва улар ўртасида “жуда яхши муносабатлар” мавжуд.
Трамп, шунингдек, Россия НАТО давлатларига ҳужум қилиш ниятида эмаслигига ишонишини билдирган.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Ғарб ОАВларининг Москванинг НАТО давлатларига нисбатан режалари ҳақидаги хабарларини “воқеликни бузиб кўрсатиш” ва “газета уйдирмалари” деб атаган. Унинг сўзларига кўра, Ғарбда Россиянинг режалари ҳақида кўплаб “қўрқинчли ҳикоялар” тарқатилмоқда, бироқ улар Россиянинг на реал ниятларини, на амалдаги вазиятни акс эттиради.
Россия Президенти Владимир Путин ҳам Россиянинг НАТО давлатлари билан урушишдан “ҳеч қандай сабаби ва манфаати йўқ”лигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф жорий йилнинг 25 август куни Россия пойтахти Москвага эълон қилинмаган музокаралар учун борган эди.
Live
Барчаси