Трамп АҚШ байроқларини бир ҳафтага туширишни буюрди
Олам
−
10:39 3483 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп кантри қўшиқчиси Долли Партоннинг вафоти муносабати билан мамлакатда байроқларни бир ҳафтага тушириш ҳақида фармойиш берди.
“Долли Партон – мамлакатимиз ва унинг ташқарисида тарихдаги энг буюк кантри хонандаларидан бири ҳозиргина вафот этганини чуқур қайғу билан маълум қиламан. Бу миллионлаб инсонлар учун ҳақиқий йўқотишдир”, деб ёзди АҚШ Президенти Truth Social ижтимоий тармоғида.
Давлат раҳбари унинг хотирасига ҳурматини изҳор қиларкан, Долли Партонга ўхшаган қўшиқчи ҳеч қачон бўлмагани ва қайта дунёга келмаслигини ҳам урғулаган.
“Унинг хотирасига ҳурмат бажо келтириб, бугун кечқурундан, соат 18:00 дан бошлаб АҚШдаги барча Америка байроқларини бир ҳафтага туширишни буюраман. Жойинг жаннатда бўлсин, Долли! Дунё сени севади”, деб ёзган Трамп.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 август куни америкалик кантри хонандаси Долли Партон 80 ёшида вафот этди. У жорий йилнинг 21 август куни, ўлимидан тўрт кун олдин, Теннесси штатининг Нэшвилл шаҳридаги онкология марказига ётқизилган.
Маълумот учун, Долли Партон “Here You Come Again”, “Trio”, “Blue Smoke” каби альбомларни, “Jolene”, “I Will Always Love You” каби синглларни ёзган, шунингдек, “Тўққиздан бешгача”, “Тоғ биллури” ва бошқа фильмларда суратга тушган. У 10 карра Грэмми мукофоти (1979–2021) совриндори, шунингдек, умрбод ютуқлари учун махсус Грэмми (2011) ва Жин Хершолт номидаги мукофот (2025) лауреатидир. Хонанда ўзининг хайрия лойиҳалари, жумладан, “Dollywood Foundation” жамғармаси ва болаларда китобхонликка меҳр уйғотишга қаратилган “Imagination Library” дастури билан ҳам танилган.
Live
Барчаси