Трамп 60 кун ичида АҚШ “Темир гумбаз”ини ишлаб чиқишни буюрди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп “Темир гумбаз” деб номланган миллий ракетага қарши мудофаа тизимини ишлаб чиқиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда кеча, 27 январь куни Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат Флоридадан Мэрилендга парвоз пайтида имзоланган.

"Баллистик, гипертовушли ва қанотли ракеталар, шунингдек, бошқа илғор ҳаво ҳужуми имкониятларидан фойдаланган ҳолда ҳужум қилиш таҳдиди Қўшма Штатлар олдида турган энг ҳалокатли таҳдид бўлиб қолмоқда", дейилади ҳужжатда.

Трамп Мудофаа вазири Пит Ҳегсетга 60 кун ичида янги “Темир гумбаз” ракетага қарши мудофаа тизимини лойиҳалаш ва жойлаштириш режасини тақдим этишни буюрган.

"Ушбу буйруқ чиқарилган кундан бошлаб 60 кун ичида Мудофаа вазири Президентга янги авлод ракетага қарши мудофаа қалқони архитектураси ва режасини тақдим этади", дейилади ҳужжатда.

20 январь инаугурация куни Трамп ушбу ракетага қарши мудофаа тизими мамлакат ичида ишлаб чиқарилишини маълум қилди.

“Мен ҳарбийларимизга бутунлай АҚШда ишлаб чиқариладиган буюк Темир гумбаз ракетадан мудофаа қалқони қурилишини бошлашни буюраман”, деди у.

Маълумот учун, "Темир гумбаз" тизими АҚШ кўмагида Исроил томонидан ишлаб чиқилган. У қисқа масофали ракеталарни уриб туширишга ихтисослашган. 2011 йилда ишлай бошлаганидан бери тизим минглаб ракеталарни, жумладан, сўнгги уруш пайтида ҲАМАС ва "Ҳизбуллоҳ" Исроилга учирган ракеталарни тутиб олган. Исроил унинг муваффақият даражаси 90% дан ортиқ эканлигини даъво қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Трамп сайловолди кампанияси даврида 2024 йил 23 январь куни Нью-Хэмпширдаги тарафдорлари олдида қилган чиқишида сайловда ғалаба қозонса, Исроилдаги “Темир гумбаз”га ўхшаш ракетага қарши мудофаа тизимини мамлакат узра жойлаштиришга ваъда берган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Темир гумбаз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг