Трамп 2024 йил учун режаларини ҳали эълон қилмоқчи эмас
Олам
−
21 Декабрь 2020
2887АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трамп ҳозирча 2024 йилдаги президентлик сайловларида қатнашиш режаси ҳақида эълон қилмайди. Бу ҳақда "Axios" хабар берган.
Қайд этилишича, Трамп келаси сайловларда қатнашиш режаси ҳақида сайланган Президент Жо Байденнинг инаугурацияси кунигача эълон қилмоқчи эмас.
Таъкидланганидек, агар Трамп инаугурация кунидан олдин ўз режаларини маълум қилса, унда бу Трампнинг жорий йилда ўтказилган сайлов натижаларини бекор қилиш учун курашдан воз кечганини кўрсатади.
Манбага кўра, Трамп 2024 йилдаги президентлик сайловларида қатнашиш имкониятини сақлаб қолмоқчи бўлса-да, бу бўйича аниқ қарорга келмаган.
Эслатиб ўтамиз, Демократлар партиясидан президентликка номзод Жо Байден, АҚШ Сайловчилар коллегиясининг овозларига кўра, жорий йил 3 ноябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловида ғалаба қозонди. АҚШ Конституциясига мувофиқ, Сайловчилар коллегиясидаги овоз бериш натижалари 6 январь куни Конгресс томонидан тасдиқланади.
Мамлакатнинг амалдаги Президенти Трамп ҳали ҳам мағлубиятини тан олмаяпти ва сайлов натижаларига суд орқали қарши чиқишга ҳаракат қилмоқчи.