Трамп 19 давлат фуқароларига тақиқ қўйди. Улар орасида туркманистонликлар ҳам бор

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп 12 давлат фуқароларининг АҚШга киришини тақиқловчи фармонни имзолади. Республикачи бу қарорини кеча, 4 июнь куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди. Батафсил пресс-релиз Оқ уй сайтида ҳам чоп этилди.

Умумий тақиқ 12 давлат фуқароларига тааллуқлидир: Афғонистон, Мянма, Чад, Конго Республикаси, Экваториал Гвинея, Эритрея, Гаити, Эрон, Ливия, Сомали, Судан ва Яман. Қўшма Штатларда қонуний доимий резидентлар ва амалдаги визалар эгалари учун истиснолар мавжуд. Давлатлар рўйхати АҚШ Давлат департаменти январь ойидан буён ўтказаётган таҳлилга асосланган.

Қисман тақиқ эса Бурунди, Куба, Лаос, Серра-Леоне, Того, Туркманистон ва Венесуэла фуқароларига тегишли. Уларга ташриф ва талаба визалари берилмайди. Бироқ, масалан, америкалик қариндошлар билан ишлаш ёки қайта бирлашиш учун визалар сақланиб қолади.

Дональд Трампнинг сўзларига кўра, бундай чораларни жорий этишга Колорадо штатининг Боулдер шаҳрида яҳудий фаолларига қарши уюштирилган ҳужум сабаб бўлган. 

Хотини ва болалари билан АҚШда ноқонуний яшаб келган 45 ёшли Миср фуқароси “Фаластинга озодлик!” деб ҳайқирар экан, оломон орасига молотов коктейли улоқтирган. 15 киши, жумладан, Холокостдан омон қолган нафақахўр яраланган.

“XXI асрда биз бутун дунё бўйлаб хавфли жойлардан келган, муддати ўтган визаси бўлган хорижликлар томонидан содир этилган террорчилик хуружларини кўрдик ва кўришда давом этамиз”, деди АҚШ Президенти. 

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда бундай одамлар миллионлаб. Трамп терактлар ҳақида гапирар экан, “Европада содир бўлган воқеалар Америкада бўлишига” йўл қўймаслигини айтди. 

“Тақиқланганлар рўйхатига яна кўп мамлакатлар қўшилиши мумкин”, дея таҳдид қилди у.

Дональд Трамп ўзининг биринчи муддатида худди шундай тақиқни Куба, Чад, Эрон, Ливия, Шимолий Корея, Сомали, Судан, Сурия, Венесуэла ва Яман фуқароларига қўйган эди. Бу чора Жо Байден томонидан бекор қилинди. Бу сафар эса Шимолий Корея ва Сурия тўлиқ ёки қисман тақиқга киритилмади.

Трампнинг сўзларига кўра, бу чора унинг биринчи муддатида “ўта муваффақиятли” бўлган ва Қўшма Штатлардаги терактларнинг олдини олган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг