Трамп Ҳаррис билан теледебат ўтказишдан бош тортди
Олам
−
13 Сентябрь
4881Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп демократ рақиби Камола Ҳаррис билан иккинчи теледебатда қатнашишдан бош тортди. Бу ҳақда Трампнинг ўзи кеча, 12 сентябрь куни Truth Social ижтимоий тармоғида пост қолдирди.
Трамп Ҳаррисни “жангда мағлуб бўлган боксчи”га қиёслади ва гўёки “реванш жангини хоҳлаётганини” ёзди.
“Сўровлар шуни яққол кўрсатмоқдаки, мен радикал сўл демократ номзод Камола Ҳаррисга қарши баҳсда ғалаба қозонганман”, дейди Трамп.
Ўз постида республикачи АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден ва амалдаги вице-президент Ҳаррисни мамлакатни “йўқ қилганликда” айблади.
“Миллионлаб жиноятчилар ва руҳий касаллар Қўшма Штатларга бутунлай текширув ва назоратсиз кириб келди ва инфляция бизнинг ўрта синфимизни вайрон қилди. Камола сўнгги деярли тўрт йиллик даврда нима қилиши кераклигига эътибор қаратиши керак эди. Учинчи дебат бўлмайди”, деб хулоса қилди Дональд Трамп Ҳаррис фойдасига сайловдан воз кечгунга қадар демократлардан номзод бўлган Байден билан биринчи дебатини ўтказганини инобатга олган ҳолда.
Камола Ҳаррис, Трамп хабар берганидан кўп ўтмай, митингда сўзга чиқиб, “Менимча, сайловчилар олдида яна бир дебат ўтказиш мажбуриятимиз бор” деди.
Биринчи Трамп ва Ҳаррис дебати 10 сентябрь куни ABC телеканалида жонли эфирда бўлиб ўтди. Уларни 67 миллиондан ортиқ киши томоша қилган. Мунозарадан кейинги сўровлар Ҳарриснинг кам фарқ билан ғалаба қозонганини кўрсатмоқда. Кўпгина мутахассислар бир хил фикрда. Бироқ бу ноябрдаги сайлов натижаларига қандай таъсир қилиши ҳозирча аниқ эмас.
Вице-президентликка номзодлар демократ Тимоти Уолз ва республикачи Жеймс Дэвид Вэнс 1 октябрь куни дебат қилишга келишиб олдилар.
LiveБарчаси