Tracker’да 6 яшар болани босиб кетган аёл уни ўзи шифохонага олиб борган – ССВ

3-саҳифа

image

Тошкентда 6 яшар болани босиб кетган Tracker ҳайдовчиси болани туман поликлиникасига шахсан ўзи олиб борган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев маълум қилди.

Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги кўчаларнинг бирида Tracker автомобилини бошқараётган шахс йўл четидан машинага қараб югуриб чиққан болани босиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат жорий йилнинг 1 июль куни соат 18:00 лар атрофида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани Чўлдарахт кўчасида содир бўлган.

Воқеа юз берган кўчадаги камераларга тушган тасвирда оқ рангли Tracker автомашинасини бошқараётган аёл ҳайдовчи йўлга югуриб чиққан болани олд ва орқа шиналари билан босиб ўтганини кўриш мумкин.

Маълум қилинишича, ҳодиса содир бўлгандан сўнг, соат 19:41 да Мирзо Улуғбек тумани, ТТЗ мавзеси, туман поликлиникаси манзилига йўл-транспорт ҳодисаси бўйича чақириқ келиб тушган. Унда Мирзо Улуғбек тумани, Чўлдарахт кўчасида истиқомат қилувчи 2020 йилда туғилган И.А исмли бола жабрлангани айтилган. Ҳодиса жойига етиб борилганда, ЙТҲ Мирзо Улуғбек тумани, ТТЗ мавзесидаги “Ульяна” кафеси яқинида содир бўлгани аниқланган. Қайд этилишича, ҳайдовчи жабрланган болани шахсан ўзи туман поликлиникасига олиб келган.

Бироқ болакай шифохонага олиб борилганда ушбу ЙТҲ оқибатида олган тан-жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи чиққан ва ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилган.

Билдирилишича, ҳолат бўйича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг