Тожикистондаги Роғун ГЭС лойиҳасида экологик стандартлар бузилгани аниқланди

Олам

image

Жаҳон банки ва бошқа халқаро тараққиёт банклари томонидан миллиардлаб кредитлар ажратиш режалаштирилаётган Тожикистондаги Роғун ГЭС қурилиши лойиҳаси ижтимоий ва экологик стандартларга мос эмас. Бу ҳақда “Чегарасиз дарёлар” халқаро экологик коалицияси маълум қилди.

Кеча, 23 октябрь куни “Чегарасиз дарёлар” халқаро экологик коалицияси “Роғун ГЭС лойиҳаси: Жаҳон банки талабларига номувофиқлик бўйича ҳисобот” деб номланган ҳужжатни очиқ кириш учун эълон қилди. Унда Тожикистондаги Роғун ГЭС қурилиши лойиҳасини молиялаштиришга тайёргарлик кўрилаётганда Жаҳон банкининг экологик ва ижтимоий стандартларига риоя қилинмагани ҳақида маълум қилинган.

Экологлар банкнинг олти муҳим стандартларини бузиш ҳолатларини аниқлаган. Улар – умумий экологик баҳолаш қоидалари бўйича, биологик хилма-хилликни сақлаш, ресурслардан самарали фойдаланиш, тўғонлар хавфсизлиги, жамоатчилик иштироки ва одамларнинг мажбурий кўчирилиши, шунингдек, банкнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бўйича экологик ва ижтимоий сиёсатига риоя қилинмаслиги.

Қайд этилишича, вазиятни янада оғирлаштираётган ҳолат шундаки, Жаҳон банки барча молиялаштирувчи ташкилотлар номидан Роғун ГЭС лойиҳаси учун экологик ва ижтимоий кафолатлар ишлаб чиқиш масъулиятини ўз зиммасига олган (улар орасида Осиё инфратузилма инвестициялари банки, Осиё тараққиёт банки, Европа инвестиция банки ва бошқалар мавжуд). Бундай ёндашувга рози бўлган бошқа молиявий ташкилотлар шу тариқа Жаҳон банки стандартларини ўзларининг шунга ўхшаш стандартларига тенг деб тан олган. Шундай қилиб, агар бу стандартлар бузилса, лойиҳа иштирокчиси бўлган бошқа ўнлаб молиявий ташкилотлар стандартлари ҳам бузилади.

“Биз ишонамизки, таклиф этилган Роғун ГЭС лойиҳаси Жаҳон банкининг ижтимоий-экологик тамойилларига мос келмайди ва ҳозирги кўринишда халқаро тараққиёт банклари томонидан молиялаштирилмаслиги керак”, деди “Чегарасиз дарёлар” халқаро экологик коалицияси координатори Евгений Симонов.

Симоновга кўра, Банк стандартлари ва процедураларига риоя қилинмагани туфайли лойиҳага кўплаб самарасиз ва хавфли элементлар киритилган бўлиб, улар амалга ошириш жараёнида жиддий экологик ва ижтимоий зарар кўрилиши мумкин.

Хабарга кўра, ушбу ҳисобот “Роғун хавфи” халқаро ташаббуси доирасида тайёрланган бўлиб, унда бутун дунёдаги жамоат экологик ташкилотлари иштирок этган. Ҳисобот ўтган ҳафта Роғун ГЭС лойиҳасида иштирок этишни режалаштираётган барча халқаро тараққиёт банкларига юборилган. Кеча, 23 октябрь куни эса Жаҳон банки раҳбариятига йирик тўғонлар (жумладан, Роғун ГЭС) қурилишини молиялаштириш хавфлари тўғрисида очиқ мактуб тақдим этилган. Унга дунёнинг турли мамлакатларидан 124 та жамоат ташкилоти, жумладан, “Чегарасиз дарёлар” экологик коалицияси имзо чеккан.

Билдирилишича, Жаҳон банки аллақачон Роғун ГЭС лойиҳасининг фуқаролик жамияти томонидан кенг кўламда танқид қилинишига жавоб бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг 28 октябрь куни Тошкент шаҳрида Роғун ГЭС қурилишининг ҳавза мамлакатларига экологик ва ижтимоий таъсирлари бўйича халқаро жамоатчилик маслаҳати ўтказилиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, Роғун ГЭС Душанбедан 110 км масофада Вахш дарёсида жойлашган. Унинг қурилиши 1976 йилда бошланган, аммо СССР парчалангач иш тўхтаб қолган. Кейинроқ Тожикистон ГЭС қурилиши бўйича ишларни давом эттирди. 2008 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда Роғун ГЭСда реконструкция, қурилиш ва монтаж ишларига мамлакат бюджетидан ва бошқа манбалардан қарийб 3 млрд доллар ажратилган. Ишга туширилгач станция қуввати 3,6 ГВт.ни ташкил этиши ва баландлиги 335 метр бўлган тўғон дунёдаги энг баланд тўғонга айланиши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги муваққат ҳукумат – “Толибон” томонидан қурилаётган Қўштепа каналининг фойдаланишга топширилиши Амударё ҳавзасидаги барча мамлакатларнинг, хусусан, Ўзбекистоннинг сув таъминотига ҳақиқий зарба бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Роғун

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг