Тожикистонда Ўзбекистон ҳисобидан мамлакатда муқобили йўқ тиббий марказ қурилди

Жамият 7055
image

2018 йил иккинчи ярмида Ўзбекистон томонидан Тожикистон жанубидаги Кубодиён туманида қурилиш бошланган замонавий тиббиёт мажмуаси тўлиқ битказилди ва у беморларни қабул қилишга тайёр. Бу ҳақда “Asiaplus” хабар берди.

Тожикистоннинг илтимосига биноан, Ўзбекистон ҳукумати ушбу мажмуада қўшимча равишда COVID -19 билан касалланганларни қабул қилиш-тарқатиш марказини қурди.

Мажмуа қурилиши билан бир қаторда ускуналар билан жиҳозланиши ҳам Ўзбекистон томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳисобига амалга оширилган.

Таъкидланишича, Кубодиёнда расмий Тошкент томонидан қурилган ва жиҳозланган COVID-19 беморларини қабул қилиш ва тақсимлаш марказининг бугунги кунда Тожикистонда муқобили йўқ.

Бу ерда ўрнатилган ускуналар одамда коронавирус инфекцияси мавжудлигини тезда аниқлашга имкон беради, сўнгра аниқланган COVID-19 касаллари малакали ёрдам олиш учун вилоят ва пойтахтдаги шифохонага юборилади.

Марказ қурилиши 2018 йил март ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи давомида маъқулланган лойиҳаларидан биридир.

Бундан ташқари, келишувлар доирасида, 2020 йил сентябрь ойида Ўзбекистонни маблағлари ҳисобига, Сўғднинг Спитамен туманида 630 ўқувчига мўлжалланган янги мактаб фойдаланишга топширилди.

Бунга жавобан Тожикистон ҳукумати Самарқандда 640 ўқувчига мўлжалланган мактаб ва Фарғона вилоятида болалар боғчаси қуришини маълум қилди. Тегишли буйруқ Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон томонидан 2018 йил март ойида имзоланган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 234
Рейтинг: 3
t
×